Беларусда Россия ҳарбий техникаси олиб ўтилишига қарши чиққан «темирйўл партизанлари» ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин
Украинадаги урушда қатнашиш учун Россия ҳарбий техникасини олиб кетаётган вагонларга қарши чиқиб, темирйўл релсларини бузган фаоллар темирйўлдаги террорчиликда айбланмоқда. Улар ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Беларус Тергов қўмитаси 29 июнь, чоршанба куни «темирйўл партизанлари» деб аталган шахслар – Беларус темирйўлларида Украинадаги урушда қатнашиш учун олиб кетилаётган Россия ҳарбий техникаси ортилган вагонларга қарши саботаж уюштирган фаолларнинг биринчи иши бўйича тергов якунлангани ҳақида эълон қилди. Айбланувчилар темирйўлда террорчиликда айбланмоқда, деб хабар берди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган матбуот хизмати.
«Тергов маълумотларига кўра, жорий йилнинг февраль ойида Светлогорск шаҳрида яшовчи 29 ёшли шахс ўз ташаббуси билан «Перамога» экстремистик тузилмаларига қўшилган бўлиб, Гомел области ҳудудидаги темирйўл инфратузилмасини бузиш бўйича вазифа олган», деб хабар берди Беларус Тергов қўмитаси.
Бу ишда яна икки киши иштирок этмоқда. Тергов материалларига кўра, ушбу шахслар пул эвазига пиёдалар ва транспорт воситаларининг хавфсиз ўтишини таъминлайдиган жиҳозлар ўрнатилган релей шкафига ўт қўйган. Хавфсизлик ходимлари маълумотларига кўра, зарар тахминан 55 минг Беларус рубли (16 минг доллардан ортиқ)ни ташкил этган. Айбланувчилар ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
«Наша Нива» нашри айбланувчилар исмларини эълон қилди - Денис Дикун, Дмитрий Равич ва Олег Молчанов. Улардан бирининг укаси – Дмитрий Дикун акасининг ҳаракатини «Украинага ҳеч бўлмаганда қандайдир ёрдам беришга ҳаракат қилгани» билан изоҳлади.
Украинада уруш бошланганидан кейин, BYPOL ташаббуси беларусларни Россия ҳарбий техникаси ортилган поездлар ҳаракатланаётган темирйўлларни тўсиб қўйишга чақирганида, Беларусда сигнал берувчи релей шкафларини йўқ қилиш ҳолатлари кўпайди. Тергов доирасида бир неча ўнлаб кишилар қўлга олинди.
Мавзуга оид
20:49 / 11.11.2024
Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
19:19 / 23.10.2024
Беларусда президентлик сайлови санаси белгиланди
11:10 / 09.10.2024