Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский хорижий сиёсатчиларни Москвада 9 май байрамини нишонлашдан тийилишга чақирди
Украина президенти Володимир Зеленский хорижий давлатлар вакилларига Москвада 9 май муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирларида иштирок этишдан воз кечишни тавсия қилди.
«Россияга яқин бўлган баъзи давлатлар вакиллари бизга мурожаат қилди, улар Москвага бормоқчи. Ғалати истак... шу кунларда. Биз буни тавсия қилмаймиз», деди Зеленский 7 майдаги мурожаатида.
Украина президенти Киев аввалроқ Москвага 6 майдан бошлаб ўт очишни тўхтатишни таклиф қилганини, «лекин бизнинг тинчлик таклифимизга жавобан фақат Россиянинг янги зарбалари, Россиядан янги таҳдидлар бўлганини» таъкидлади.
«Улар Украинадан йилига бир марта майдонга бир соат хавфсиз чиқиш ва кейин яна одамларимизни ўлдириш ва жанг қилиш учун ўз парадини ўтказишга рухсат сўрамоқда. Россияликлар аллақачон 9 майдан кейинги зарбалар ҳақида гапирмоқда. Россия раҳбариятининг ғалати ва аниқ ноадекват мантиқи», деди у.
Москвадаги 9 май парадида Беларус, Малайзия, Лаос, қисман тан олинган Абхазия ва Жанубий Осетия раҳбарлари иштирок этмоқчи.
Россия аввалроқ 8 май соат 00:00 дан 10 майгача бир томонлама ўт очишни тўхтатишини маълум қилган эди. Бунга жавобан Украина 6 майдан «сукунат режими»ни жорий этишни таклиф қилди, бироқ Россия бу таклифни қабул қилмади ва Украинага зарба беришда давом этди.
Россия Мудофаа вазирлиги, агар Украина Москвадаги Ғалаба байрамини бузишга ҳаракат қилса, Россия қўшинлари «Киев марказига оммавий ракета ҳужуми уюштириши» билан таҳдид қилди.
9 майга тайёргарлик фонида Россиянинг 20 дан ортиқ шаҳарлари расмийлари Ғалаба парадини ўтказишни бекор қилди, Москва ва бошқа бир қатор шаҳарларда парадни ҳарбий техникаларсиз ўтказишга қарор қилинди.