Ўзбекистондаги тижорат банкларида хориждан юборилган пулларни нақд доллар кўринишида олишда жиддий муаммолар юзага келган. Бу ҳолат республиканинг деярли барча вилоятларида кузатилмоқда.
“Самарқанд вилоятиданман. Хотинимнинг номига 500 доллар пул жўнатгандим. Самарқанд шаҳридаги банкка борса, 1120-навбатга ёзишибди. Куни билан кутиб ўтирибди, аммо кечга бориб доллар йўқ, фақатгина сўм бера оламиз деб қайтаришибди. Эртасига яна бошқа банкка борган, аммо тушга яқин бу банк ходимлари сўм ҳам, доллар ҳам қолмади деб, пул олишга келган барчани қайтариб юборибди. Қисқаси, 1 ҳафта деганда оиламдагилар катта қийинчиликлар билан юборган пулимни олишди”, дейди Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларидан бири.
“Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида банклар доллар беришмаяпти. Одамлар бошқа вилоят, Наманганга бориб пул олишяпти. У ерда ҳам узундан узун навбатлар бор, одамлар иссиқда азобланмоқда. Қийналиб топган пулингни ўзинг хоҳлаган кўринишда ололмасанг-а! Бир банкда навбат етмайди, бирида пул тугаган, яна бири доллар бермас экан”, дея эътироз билдирди бошқа бир меҳнат мигранти.
Бу каби ҳолатлар охирги ойларда деярли барча вилоятларда кузатилган. Айниқса, Самарқанд, Андижон, Фарғона ва Сирдарё вилоятларидаги банклар доллар ҳам, сўм ҳам қолмаганини иддао қилиб, хориждан юборилган пулларни олишга келган фуқароларни қайтариб юборишган.
Kun.uz мухбири суҳбатлашган банк ходимининг маълум қилишича, охирги 3 ҳафтадан бери жиддий доллар тақчиллиги кузатиляпти.
“Электрон навбат қилиб, Россиядан юборилган пулларни имкони борича асосан сўм кўринишида, бўлмаса долларда беряпмиз. Аммо валюта билан жиддий муаммолар кузатиляпти”, дейди у.
Нега банкларда доллар дефицити пайдо бўлди?
Иқтисодчи Отабек Бакиров нақд доллар етишмовчилигини қўшни давлатлар меҳнат мигрантларининг ҳам ўзбек банкларидан нақд валюта пул ечиб олиши кўпайгани билан изоҳлаган.
“Ўзбек банкларида пул ўтказмаларини нақд долларда олиш масаласи мураккаблигича қолмоқда. Гап шундаки, қўшни давлатлар меҳнат мигрантларининг Ўзбекистонга пул жўнатиб, нақд ечиб олишлари кўпайганидан биринчи навбатда ўзимизнинг қоракўзлар – ватандош мигрантларимиз жабр кўришмоқда. Чунки спекулянтлар ва кўплашиб катта пул юборадиганлардан фарқли ўлароқ, ўзбекистонликлар ўз оиласига кўпи билан 500-1000 долларгача пул юборади. Айрим банк нуқталарида қўшни мамлакатлар ёки спекулянтлар 5 минг доллар ё 10 минг доллар пул ечиб олиши билан бизнинг ўзбекистонликларга, яъни камроқ пул ўтказмалари жўнатаётганларга навбат етмай қолиши оддий ҳолга айланиб қолди.










