Жаҳон | 14:17 / 01.07.2022
13856
2 дақиқада ўқилади

Беларус Полша фуқаролари учун визасиз киришни жорий қилди

Полша фуқароларига Беларусга йил охиригача визасиз киришга рухсат берилди. ПЗР тести ва ковидга қарши эмлаш сертификати керак эмас, дея хабар қилди Давлат чегара қўмитаси. Айни пайтда, Полша Беларус билан чегарада девор ўрнатган.

Фото: DW

Беларус Полша фуқаролари учун визасиз киришни жорий қилди. Янгилик 1 июль, жума кунидан 31 декабргача амал қилади, дея маълумот берди Беларус Давлат чегара қўмитаси. Идора бу қадамини яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш билан изоҳлади.

Полша фуқаролари чегарани назорат-ўтказиш пунктларида кесиб ўтишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, уларга чегара зонасига рухсатномасиз ташриф буюришга рухсат берилади. Визасиз кириш учун чет элга чиқиш бўйича ҳужжат асл нусхаси, автомобилда саёҳат қилишда «яшил карта»ни тақдим этиш, шунингдек, тиббий суғуртага эга бўлиш керак. Чегарани кесиб ўтиш учун ПЗР тести ва COVID-19 эмлаш сертификати талаб қилинмайди, дейилади Давлат чегара қўмитаси хабарида.

Бундан ташқари, 15 апрелдан бошлаб Латвия ва Литва фуқаролари Беларусга жорий йилнинг охиригача визасиз киришлари мумкин. Шу билан бирга, чет элликлар 10 кун ичида Беларусда вақтинча бўлиш жойида рўйхатдан ўтишлари керак.

Айни вақтда, Полша ички ишлар ва маъмурият вазири Мариуш Камински 30 июнь куни Беларус билан чегарада 186 км узунликдаги девор қурилиши якунланганини маълум қилди. Унга кўра, қурилишнинг умумий қиймати 350 миллион еврога етган. Полша-Беларус чегарасининг узунлиги - тахминан 400 км.

Расмий Варшава 2021 йилда Беларусдан муҳожирлар оқими кўпайганидан сўнг қўшни давлат билан чегарада девор қуришга қарор қилди. Ўша йилнинг май ойи охирида Беларус раҳбари Александр Лукашенко Минск Беларус орқали Европа иттифоқига киришга уринган ноқонуний муҳожирларни бошқа қўлга олмаслигини эълон қилган эди.

Шундан сўнг, Яқин Шарқ мамлакатларидан Беларусга парвозлар сони кўпайди, биринчи навбатда Литвага, кейин эса Полшага ноқонуний мигрантлар оқими кескин ошди. Евроиттифоқнинг қатор давлатлари, жумладан, Полша расмий Минскни Европа иттифоқининг Беларусга қарши санкцияларига жавобан миграция инқирозини атайлаб қўзғатганликда айблади.

Мавзуга оид