Жамият | 14:11 / 01.07.2022
14950
3 дақиқада ўқилади

“Бошқа фарзанд кўролмайман – ёлғизим эса оғир хаста”: синовлари тугамаган аёл изтироблари

Шоира Тўхтасинова 2-гуруҳ ногирони, турмуш қуриб 10 йил деганда фарзандли бўлган. Аммо қизида аниқланган мураккаб хасталик туфайли иложсизлик исканжасида қолган.

Она ўзига берилган ҳар қандай дардни, ситамни кўтариши мумкин. Лекин фарзандига келган хасталикдан ундан кўпроқ азият чекади.

Шоира Тўхтасинова ана шундай оналардан бири. Унинг ўзи 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, неча йиллардан бери бардош билан ўзига келган ташвишларни бирма-бир енгиб келмоқда. Тақдирнинг унга берган туҳфаси – 2 яшар қизалоғининг мураккаб касаллик сабаб қийналаётганини кўриш оғир бўлаётганини айтади.

“Ўзим ногиронлигим туфайли шу қизимдан кейин шифокорлар фарзанд кўришни тақиқлашди. Ўзи 10 йил деганда тилаб олган болам эди. Ёлғиз қизим эса умуман овқатланмайди, мажбурлаб овқатлантирсак аҳволи ёмонлашадиган бўлди. Шундан сўнг шифокорлар унга долихоколон ташхисини қўйишди. Зудлик билан операция ўтказилиши керак экан”,- дейди аёл.

Айни пайтда уй-жойсиз, оғир моддий аҳволда яшаётган оила учун бу операцияни ўтказиш учун маблағ йўқ. Чунки онани даволатиш мақсадида яшаб турган уйларини ҳам сотишган. Оила аъзолари ҳозир Шоиранинг онасига тегишли ҳовлида 4 оила биргаликда яшашади. Хадичанинг отаси, оила бошлиғи новвойлик билан шуғулланади. Лекин баъзида топгани оиладаги бир эмас, икки беморнинг мунтазам муолажалари учун етмай қолади.

“Синовларга шукур қилиб яшайман. Аввалига фарзандсизлик важидан синалдим, кейин уйсизлик, саломатлик сабаб. Энди эса боламнинг хасталигига чидаш қийин бўляпти. У тузалиб, соғлом болалар қатори яшаса бўлди. Бошқа фарзанд кўра олмайман”,- дея ўкинади қизалоқнинг онаси.

Бошга синовлар келганда сабрнинг мукофоти бор. Шу сабр билан яшаётганларга нажот қўлини чўзиш эса сизга мукофотнинг кафолатидир. Ҳалол меҳнати билан бир оилада икки беморни парвариш қилаётган отага мадад бўлайлик.

Хадича Ғиёсиддиновага оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0610 7314 2340 онаси Шоира Тўхтасинова номида

Ўзкард: 8600 1309 0858 2382 онаси Шоира Тўхтасинова номида

Манзил: Андижон шаҳри, Қувват кўчаси – 35.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид