Ўзбекистон | 09:54 / 01.07.2022
13487
1 дақиқада ўқилади

Қизилтепа туманининг собиқ ҳокими янги лавозимга тайинланди

Қарийб 25 йил Қизилтепа тумани ҳокими вазифасида ишлаган Шабон Набиев янги лавозимда иш бошлади. Энди у Навоий вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармасига раҳбарлик қилади.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Шабон Набиев Навоий вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. У ҳокимликдан кетгач ушбу бошқарма бошлиғининг нуронийлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётганди. 

Шабон Набиев 1957 йилда Қизилтепа туманида туғилган. Маълумоти олий, 1979 йилда Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтини тамомлаган. Мутахассислиги – муҳандис-қурувчи.

Шабон Набиев Ўзбекистонда энг кўп муддатга туман раҳбари бўлган ҳокимлардан бири ҳисобланади. У 1998-2021 йилларда Қизилтепа тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган. 2021 йилнинг 13 ноябр куни вазифасидан озод этилган ҳамда “Zarafshan Golden Group” компанияси таъсисчиси, сенатор Улуғбек Файзиев туманнинг янги раҳбарига айланганди.

Навоий вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи бўлган Азамат Ўроқов олдинроқ Навбаҳор тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Мавзуга оид