Швеция ва Финландия Эрдўғаннинг талабига совуқ муносабат билдирди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Стокҳолм ва Ҳелсинкидан «73 нафар террорчи»ни топширишни талаб қилди, аммо у бир кун олдин 33 киши ҳақида гапирганди. «Швеция фуқаролари экстрадиция қилиниши мумкин эмас», — дея маълум қилди Швеция Адлия вазирлиги.
Швеция ва Финландия Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг «73 нафар террорчи»ни экстрадиция қилиш талабига совуқ муносабат билдирди. Туркиядаги тўнтаришга алоқадорликда гумон қилинган курдларни экстрадиция қилиш бўйича ҳар қандай қарор мустақил судлар томонидан қабул қилинади, деди Швеция адлия ва миграция вазири Морган Юханссон. Унинг ёзма изоҳи 30 июнь, пайшанба куни AFP агентлиги томонидан чоп этилган.
«Швецияда миллий қонунчиликни мустақил судлар амалга оширади. Швеция фуқаролари экстрадиция қилинмайди. Фуқаролиги бўлмаган шахслар бошқа давлатлар талабига кўра экстрадиция қилиниши мумкин, бироқ у Швеция қонунчилиги ва Европа конвенциясига мувофиқ бўлиши керак», – дейди идора раҳбари.
Туркия 29 июнь куни Финландиядан 12 ва Швециядан 21 гумондорни экстрадиция қилиш талабини билдирди. Бир кун ўтиб, 30 июнь куни Эрдўған яна бир рақам – 73 нафар «террорчи» ҳақида гапирди. Анқарага кўра, бу одамлар ё курд «жангарилари» ёки Эрдўған 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишда айбдор деб ҳисоблаган мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги гуруҳ аъзоларидир.
«Барча (33 та) ишлар Финландияда аллақачон кўриб чиқилган», – дея изоҳ берди мамлакат президенти Саули Ниинистё. Финландия Адлия вазирлиги Туркиядан экстрадиция бўйича «янги» сўровлар олмаганини қайд этди.
Ражаб Тоййиб Эрдўған, ўз навбатида, Туркия Швеция ва Финландиянинг НАТОга киришини, агар бу давлатлар Анқара билан келишувларни бажармаса, тўсиб қўйиши мумкинлигини айтди. Туркия президенти Мадриддаги НАТО саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида тегишли изоҳ берди. «Агар Скандинавия давлатларининг аризаси Туркия парламенти томонидан маъқулланмаса, НАТОга қабул қилиш жараёни якунланмайди. Шунинг учун Финландия ва Швеция ўз мажбуриятларини бажариши керак», – деди Эрдўған.
29 июнь куни НАТО Швеция ва Финландияни альянсга аъзо бўлишга расман таклиф қилди. Қўшилиш протоколлари 5 июлда имзоланиши керак. Шундан сўнг уларни НАТОга аъзо 30 та давлатнинг барчаси ратификация қилиши керак бўлади. Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, бу олти ойдан саккиз ойгача давом этиши мумкин.
28 июнь куни Туркия, Швеция ва Финландия раҳбарлари Ҳелсинки ва Стокҳолмнинг НАТОга аъзо бўлиш истиқболлари бўйича Мадридда ўтказилган музокаралар якунлари юзасидан 10 банддан иборат қўшма меморандумни имзоладилар.
Унда қайд этилишича, уч томон терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш бўйича қўшма механизм шакллантиради ҳамда Финландия ва Швеция бу масала бўйича «ички қонунчиликни янада қатъийлаштириш учун барча зарур чораларни кўради».
Швеция фуқароларнинг этник келиб чиқишига оид расмий статистикани юритмайди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 10 миллион аҳолига эга мамлакатда 100 мингга яқин курд истиқомат қилади.
Мавзуга оид
14:29 / 13.11.2024
Финландия Тимченко ва Ротенбергнинг ҳоккей аренасини мусодара қилади
11:10 / 13.11.2024
Ўзбекистон ва Финландия саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини тайёрлайди
18:36 / 08.11.2024
Финландия аэропортлари GPS тизимидаги узилишлар туфайли 1960 йиллардаги навигациядан фойдаланишга ўтди
16:43 / 06.11.2024