Интернет тармоғи инсон ҳаётининг узвий қисмига айланиб бўлди. Биз ижтимоий тармоқларда мулоқот қиламиз, онлайн харидларни амалга оширамиз, банк хизматларидан фойдаланамиз. Биз ҳақимиздаги маълумотлар интернетда айланиб юради. Афсуски, нияти нопок кимсалар улардан ўз мақсадида фойдаланиши, маънавий ва моддий зарар етказиши мумкин. Аммо оддий чоралар орқали маълумотларимизни тўғри ҳимоя қила олсак, улар шум ниятига ета олмайди.

Фото: Инвест-Форсайт

1. Банк картангиз ҳақидаги маълумотларни фирибгарларга берманг

Банк картангиздан пул ечилгани ҳақида SMS-хабар олдингиз, лекин ҳеч нарса харид қилмаган эдингиз. Бундай ҳолатда нима қилиш керак?

Карта балансини қайта текширинг. Чунки бу фирибгарлар томонидан юборилган сохта хабар бўлиши ҳам мумкин.

Маблағингиз ҳақиқатда ечиб олингани ёки йўқлигини билиш учун аввало балансни текширинг. Агар ечиб олинмаган бўлса, SMS-хабар сохта экани ойдинлашади. Шундан кейин фирибгар сизга қўнғироқ қилиши, ўзини «банк хавфсизлик хизмати» ходими сифатида таништириб, пулни қайтариш ва «жиноятчилар»ни ушлашда ёрдам таклиф қилиши мумкин.

Сизга қўнғироқ қилган нотаниш шахсларга карта маълумотлари, пароли ва кодини айтманг, ҳақиқий банк вакили бундай маълумотни сўрамайди.

Баъзида фирибгарлар қўнғироқ қилмайди, лекин номаълум харидни бекор қилиш учун ҳаволага кириш сўрови билан SMS-хабар юборади. Бундай ҳаволага кирманг, акс ҳолда телефонингизга вирусни юқтиришингиз мумкин.

Баъзида пул ҳақиқатан ҳам ечиб олинади. Уларни қайтариш осон бўлмайди, айниқса, агар фирибгарларга карта маълумотларини ўзингиз берган бўлсангиз. Улар карта маблағларини зудлик билан хорижий электрон кармонларга ўтказиб юборишади.

Оқибатларни бартараф қилгандан кўра, нохуш вазиятнинг олдини олган яхшироқ. Онлайн тўловни амалга ошираётганда, алоҳида картадан фойдаланинг ва унга фақат харид учун зарур бўлган маблағни ўтказинг. Карта маълумотларини ҳеч кимга берманг.

Айтайлик, эълонлар сайтидаги сотувчи сизга тўловни ўзи амалга оширишини таклиф қилади, бунинг учун карта фотосуратини сўрайди. Суҳбатни давом эттирманг, улар сизни тузоққа илинтирмоқчи.