Жаҳон | 22:27 / 06.07.2022
10040
2 дақиқада ўқилади

Европолнинг йирик операцияси натижасида ноқонуний миграция билан шуғулланувчи ўнлаб кишилар қўлга олинди 

Маълумот берилишича, жиноий уюшма охирги бир ярим йил ичида Ла-Манш орқали Франциядан Британияга 10 мингдан ортиқ кишини ноқонуний равишда олиб ўтган.  

Фото: PA MEDIA

Европол Европанинг қатор мамлакатларида мувофиқлаштирилган полиция операциясини ўтказди. Операция натижасида мигрантларни ноқонуний равишда олиб ўтиш тармоғини ташкиллаштиришда айбланган ўнлаб кишилар қўлга олинди

Полициянинг маълумот беришича, жиноий уюшма охирги бир ярим йил ичида Ла-Манш орқали Франциядан Британияга 10 мингдан ортиқ кишини ноқонуний равишда олиб ўтган. 

Жиноий уюшма аъзоларини қўлга олиш операциясида Франция, Белгия, Германия, Буюк Британия ва Нидерландия давлатларидан юзлаб полиция ходимлари қатнашган.

Қайд этилишича, бу ноқонуний миграцияга барҳам бериш бўйича ўтказилган энг йирик операция ҳисобланади.

Операция чоғида полиция 1200дан ортиқ қутқарув нимчалари, 150га яқин резина қайиқлар ва уларга ўрнатиладиган двигателлар, бир неча ўн минг евро пул, ўқотар қуроллар ва гиёҳвандлик моддаларини мусодара қилган.

Жиноий гуруҳ Хитойдан Туркия орқали келтирилган қайиқлар, двигателлар ва бошқа жиҳозларни Германияда сақлаб келган.

ОАВнинг маълумот беришича, улар Франциядан Британияга ўтказиб қўйиш учун ҳар бир кишидан 3,5 минг еврогача олишган, бир қайиқда 20 нафаргача одам олиб ўтилган.

Қўлга олинганлар тўғрисида кўп нарса маълум эмас: уларнинг аксарияти ироқлик курдлар бўлиб, Германиянинг Оснабрюк шаҳрида яшаган, яна тўрт киши, жумладан, бир аёл Англиянинг турли жойларида қўлга олинган. Ҳибсга олинганларнинг ёши 18дан 26 ёшгача эканлиги айтилган. 

Мавзуга оид