21:00 / 07.07.2022
25145

«Тушунинг, ҳарбий бурч» – Америка клубига ўтишни истаган россиялик ҳоккейчи армияга олиб кетилди

Россиянинг ЦСКА ҳоккей клуби дарвозабони Иван Федотовнинг тақдири кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Фаолиятини АҚШда давом эттиришни истаган спортчи охир-оқибат қарийб Арктикадаги ҳарбий қисмга йўл олди. 1 июл куни спортчини ҳарбий хизматдан бўйин товлашда айблаб қўлга олишди-да, кейин армияга жўнатиб юборишди.

MARIO HOMMES/DEFODI IMAGES VIA GETTY IMAGES

ЦСКАнинг 25 ёшли аъзоси 1 июл куни Санкт-Петербургда қўлга олинди. «Фонтанка» нашри ёзишича, уни ушлаш бўйича топшириқ Санкт-Петербург ички ишлар бошқамаси ҳамда ҳарбий прокуратура томонидан берилган. Улар Федотовни ҳарбий хизматдан бўйин товлаган деб ҳисоблаш учун асос борлигини маълум қилган.

Федотовни қўлга олишаётганда «Матч ТВ» журналисти у ҳақда репортаж тайёрлаётган бўлган. Мухбир воқеани шундай тасвирлайди: «Биринчи бўлиб кўзга ташланган нарса шу бўлдики, икки киши ниқоб ва камуфляжда, қолганлар доимий униформада эди. Улардан бири Ваняга гувоҳномасини кўрсатиб, нимадир деди. Суҳбат бир дақиқа ҳам давом этмади ва уни фургонга ўтқизиб олиб кетишди».

Кейинроқ ОАВда Федотовни маҳаллий ҳарбий бўлинмага олиб кетишгани, у ерда спортчи ўзини ёмон ҳис қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Федотовнинг агенти Алексей Понамарёвнинг айтишича, уни ва спортчининг ота-онасини касалхонага киритишмаган, аммо ҳарбий полиция вакиллари Федотовнинг олдига кирган. Юрист спортчи Москвадаги ҳарбий рўйхатда туриши, лекин Ленинград областида рўйхатга олинганига эътибор қаратган. Адвокатнинг айтишича, Федотов бу ҳарбий бўлинмага умуман алоқадор эмас.

Аммо 1 июлдаёқ Санкт-Петербургдаги Виборгск туман ҳарбий бўлинмаси Федотовни ҳарбий хизматга чақириб, унга сафдор ҳарбий даражасини ҳам тақдим этган. Спортчи бу қарордан норози бўлиб судга мурожаат қилган.

3 июл куни ҳоккейчи касалхонадан йўқолиб қолган. «РИА Новости» ва «ТАСС» спортчи Мурманск областидаги Северморск шаҳрига олиб кетилгани ҳақида ёзди. Кейинги куни эса ОАВда Федотов Архангелскда экани ҳақида хабарлар чиқди. «Спорт-Экспресс» дарвозабоннинг суратини ҳам эълон қилди.

«Фонтанка» Федотов Россия ҳарбий-денгиз кучлари қошидаги 907-ўқув марказига олиб кетилгани ҳақида ёзди. Спортчи у ерда сентярбгача қолиши, кейин қаерда хизмат қилиши аниқ бўлиши айтилди.

«ТАСС» ҳарбий тузилмадаги манбаларига асосланиб ёзишича, Федотовни Новая Земля архипелагига хизмат қилиш учун юборишлари мумкин. Мухолифатчи Алексей Навальнийнинг маслакдоши Руслан Шаведдинов ҳам айнан Арктикадаги Новая Земляда хизмат қилган. Журналистнинг хизматга бориши ҳам Федотовникига ўхшаш: уни номаълум шахслар олиб кетган ва кўп ўтмай Шаведдинов Новая Земляда пайдо бўлганди.

ОАВда бир маълумотга эътибор қаратишган: Россия ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони Николай Евменов ҳоккей мухлиси ҳисобланади. 2013 йил Северодвинскда ташкил этилган ҳоккей лигасининг энг кучли жамоаларидан бири эса айнан Шимолий флот клуби ҳисобланади. «Матч ТВ» Федотовни ҳарбий ҳоспиталдан айнан Северодвинскдаги ҳарбий қисмга юборишгани ҳақида ёзди.

Федотов нима билан машҳур?

Иван Федотов Россиядаги Континентал ҳоккей лигасининг ўтган мавсумдаги энг яхши дарвозабони. Ўтган мавсумда ЦСКА сафида Гагарин кубогини қўлга киритган. Пекиндаги қишки олимпиада ўйинларида Россия миллий жамоаси дарвозасини қўриқлаб, кумуш медалга сазовор бўлган.

Федотов «армиячилар» сафига бир йил аввал «Трактор»дан ўтганди. Баҳорда ЦСКА билан шартномаси муддати якунига етгач, дарвозабон келишувни узайтиришни истамаган, чунки АҚШ Миллий ҳоккей лигаси дебютанти бўлмиш «Филаделфия Флайерз» билан шартнома имзолаган. «РИА Новости» манбасининг айтишича, Федотов ЦСКА билан уришиб қолгани унинг армияда хизмат қилишдан бўйин товлашда айбланиши ва қўлга олинишига сабаб бўлган.

Федотов Пекин-2022 олимпия ўйинларида Россия олимпия қўмитаси жамоасининг ёрқин ўйинчиларидан бўлганди. Фото: HARRY HOW/GETTY IMAGES

Агар ҳаммаси муаммосиз кечганида, Федотов ёзда «Флайерз» машғулот базасида бўлиши мумкин эди. Бўлиб ўтган воқеалардан кейин «Флайерз» расмий сайти журналистларидан бири твиттердаги саҳифасида шундай деб ёзди: «Вазият «Флайерз» дарвозабони билан бўлганига қараганда жиддийроққа ўхшайди».

У Россия миллий жамоаси даражасидаги спортчиларга бўлган муносабатни назарда тутгани айтилмоқда.

«Флайерз» ўтган мавсумда МҲЛдаги дивизионда охирги ўринни қўлга киритганди. Россиялик дарвозабонлар охирги йилларда океан ортидаги нуфузли лигада яхши натижалар қайд этишмоқда. Ўтган мавсумда «Нью-Йорк Рейнжерс» посбони Игор Шестеркин мусобақанинг энг яхши дарвозабони бўлганди. Андрей Василевский икки мавсумдан буён «Тампа-Бэй» жамоаси Стенли кубоги финалигача боришига ёрдам бермоқда. Сергей Бобровский, Иля Сорокин, Семён Варламов, Иля Самсонов ва Антон Худобин каби дарвозабонлар ҳам МҲЛнинг машҳур юлдузларидан ҳисобланади.

Дарвозабоннинг армияга олиб кетилгани ҳақида нима дейишмоқда?

Федотов билан боғлиқ воқеаларга Россиядаги юқори даражадаги мансабдорлар ҳам муносабат билдиришди. Ҳатто Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам. «Тушунинг, қонунда ҳарбий бурч деган нарса бор, шу сабаб бу ҳолатга ҳиссиёт билан ёндашиш керак деб ўйламайман», деди Кремл расмий вакили.

Россия спорт вазири Олег Мацикин эса шундай деди: «Қонун билан яшанг ва сизда ҳаммаси яхши бўлади. Ҳарбий хизмат бўйича саволлар Мудофаа вазирлигига, агар нимадир қилиш керак бўлса, қиламиз».

Ҳоккей оламида эса Федотовнинг қўлга олинишига қарши саноқли бўлса-да салбий фикрлар билдирилмоқда. Масалан, рус спортининг асосий юлдузларидан бири Александр Овечкин одатда ҳукумат позициясига қарши гапирмайди, аммо бу ҳолатда «Вашингтон Кэпиталз» етакчиси ҳам жим турмади: «Нега ахир?» деди Овечкин бу ҳолатга изоҳ берар экан.

Россия ҳоккей федерацияси раҳбари Владислав Третяк эса ҳолатда изоҳ бера олмаслигини айтди. Россиялик спорт журналисти Игор Рабинернинг айтишича, Россияда фаолиятини давом эттираётган ҳоккейчилар Федотов масаласида гапиришни истамаяпти, чунки бу уларга ҳам муаммо туғдириши мумкин.

Ҳукумат тадбирларида фаол қатнашадиган шарҳловчи Дмитрий Губерниев дарвозабон билан бўлган ҳолатга танқидий ёндашди. «Балки кимдир у Филаделфияга кетаётгани учун қасос олишни истагандир ва бу жуда хавфли ҳолатки, энди ҳоккей ўйнаётган ёшлар бундай ёқимсиз ҳолатга тушмаслик учун тезроқ кетишни истайди. Бу ишни қилганларнинг Россия давлати обрўси ва рус спортининг келажаги билан иши йўқ», деган Губерниев. Шарҳловчи ҳоккей оламининг бу борадаги сукутидан ҳайратда эканини айтган.

BBC Федотов билан содир бўлган ноодатий ҳолатни шарҳлаб беришини сўраб спорт журналисти Алексей Беловга мурожаат қилди.

«Рус спорти обрўсига яна бир зарба»

Алексей Белов, Sports.ru сайтининг ҳоккей бўлими раҳбари:

20 йиллар аввал шунга ўхшаш ҳолат бўлган. «Авангард» ОМСК жамоасининг уч нафар ҳоккейчиси Станислав Чистов, Александр Свитов ва Кирилл Колцов ЦСКАга қарши ўйиндан кейин тўғри битта ҳарбий қисмга олиб борилган. Кейин Свитов ва Чистов АҚШга йўл олмоқчи экани, «Авангард» президенти эса бу ҳақда билиб қолгани маълум бўлди. Уларни армияга олиб кетишади. Бир ҳафта ўтгач, Свитов ва Чистов Омскка қайтади, аммо улар бундан буён «Авангард» учун ўйнашни истамайди.

2003 йилда «Коламбус» жамоаси шарафини ҳимоя қилиш учун АҚШга кетган ЦСКА ҳоккейчиси Николай Жердёв билан ҳам шундай бўлади. Ҳоккейчи кетиб бўлгач, у ҳарбий хизматчи экани, америкаликларнинг у билан шартнома имзолашга ҳаққи йўқлиги ҳақида ёзишди, аммо воқеа ўз-ўзидан тинчиб кетди, Жердёв барибир хизмат қилмади.

Федотов билан боғлиқ ҳолат ноодатий, чунки Россияда спортчилар армияда хизмат қилмайди, бунақаси жуда кам бўлган.

Советлар вақтида ҳолат бошқача эди. Ҳарбий ташкилотлар қошидаги клублар спортчиларни офицер сифатида рўйхатдан ўтказган. Тартибни бузганлар, шартнома тугагач кетмоқчи бўлганлар билан муаммо чиққан. Бундайларни ҳарбий қисмга юборишган, аммо тезда қайтаришган.

МҲЛга қочиб кетган Сергей Федоров кўп ўтмай «Детройт Ред Уингз»да суперюлдузга айланади. Ҳозир у - ЦСКА бош мураббийи
GLENN CRATTY/GETTY IMAGES

Ҳозир спортчилар бу масалани профессонал тарзда ҳал қилишмоқда. Аксар спортчилар расман олийгоҳларда ўқишади. Аксар олийгоҳлар эса ҳарбий кафедрага эга ва спортчилар у ердан захирадаги офицер бўлиб чиқишади, ҳеч қандай муаммо кузатилмайди. Клублар ҳатто ҳарбий қисмлар билан спортчилар рўйхатда туриши борасида шартнома қилишади. Ярим қонуний бу усул кенг тарқалган ва у барчани қаноатлантираётганди.

Федотовнинг армияга чақирилиши мени ажаблантирмади, чунки бизда армияда хизмат қилиш мажбурий. Бу борада муаммони ҳал қилмаган бўлса, ҳоккейчини ҳам, чилангарни ҳам ёши етгач хизматга чақиришади. Аммо бу масала нега шов-шувга сабаб бўлди? Чунки бу ҳолатни жосуслик ўйинига айлантириб юборишди. Спортчини нотаниш одамлар, нотаниш машинада олиб кетишди ва Санкт-Петербургдан олиб кетилган спортчи уч кундан кейин Северодвинскда кўриниш берди.

Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Федотов Америка жамоасига кетишни истамаганда бу муаммо содир бўлмасди. Ҳозирча жуда кам маълумот биламиз ва бу борада расман шундай дейиш мумкин: Федотов кетмоқчи бўлди, у армия масаласини ҳал қилмаган ва уни тўхтатишга баҳона бор.

Нега айнан Федотов бундай ҳолатга тушди? Бу борада кўп вариантларни келтириш мумкин. Ҳоккей агенти Шуми Бабаевнинг айтишича, ЦСКА Федотовни «Трактор»дан катта пул эвазига сотиб олганида шартномани узайтириш бўйича оғзаки келишув бўлмаганда бунақа катта пул тўламаган бўларди. Дарвозабон эса шартномани узайтиришни истамади.

Федотов МҲЛда ўйнамайдиган энг зўр дарвозабон, НҲЛда яхши дарвозабонлар билан боғлиқ муаммо кузатилмоқда, аммо бу «жосусча операция»ни айнан шу сабаб билан қилишганига ишонмайман. Аммо бошқа россиялик ҳоккейчилар океан ортига кетишда давом этаётганини ҳам унутмаслик керак. Масалан, СКА аъзоси Кузменко ёзда «Ванкувер»га кетади.

Ҳоккей оламида ҳозирча жимлик. Биз журналистлар савол беряпмиз, лекин жавоб йўқ. Масалан, Малкин нега Федотовни қўлламаяпти? Ахир «Питтсбург»да узоқ вақт ўйнаган Малкин «Металлург»дан амалда қочиб кетганди-ку? Нега спортчини ЦСКА бош мураббийи Сергей Фёдоров қўлламаяпти? 1990 йилда у ЦСКАда ўйнаётганда Шимолий Америкага қочиб кетган. Нега бошқа ўйинчилар қўлламаяпти?

Балки бошқа спортчилар ҳам армия масаласини ёпмагани учун жим тургандир? Аммо рус спортининг обрўси нима бўлади? Энди Россиядан эмас, бошқа жойдан ҳоккейчи ола бошлашса-чи? МҲЛ бу – бизнес. Аниғи шуки, ҳозир шундоқ ҳам яхши обрўга эга бўлмаган рус спорти яна бир жиддий зарбани қабул қилиб олди...

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top