Кun podkastiʼнинг бу галги сонида педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев билан суҳбат тайёрланди. Профессор билан ўзбек адабиётининг бугунги ҳолати, орзуларимизнинг нақадар кичрайиб кетгани, ўзбек тилини ўзимиздан ҳимоя қилиш, китоб ўқимаслик қандай оқибатларга олиб бориши, кино, театр ва журналистикамизнинг айни даражаси адабиёт ривожига тўсиқ бўлиши, қолаверса, китобхонликни тарғиб этувчи танловларнинг аҳамияти ва бошқа масалаларда подкаст шаклида кўрсатув тайёрладик.
Адабиёт бир жамиятнинг тарихи, бугуни, келажаги ўлароқ яшайди ва бугунги кунгача адабиёт гарчи биз унга таъсир эта олмайдиган даражада бўлсак ҳам, яъни яхши маънода ривожлантира олмайдиган бўлсак ҳам, бир жойда тўхтаб қолмайди ва у кетаверади. У миллат қалбидаги ўй-ҳисларини бир замондан бошқа бир замонга кўчириб бораверади. Лекин бугунги кунда биз ўзимизнинг ҳақиқатда адабиётга меҳрли эканимизни кўрсата оляпмизми ёки ўзимизни адабиётни шунчаки ўқигандек қилиб кўрсатиб беряпмизми, Қозоқбой ака?
– Энди савол анча ўйлашга мажбур қиладиганроқ савол бўлди. Адабиёт шундай ҳодисаки, у лаҳзани мангуликка муҳрлайди. Дейлик, ижодкорнинг кўнглини безовта қилган, ижодкорнинг туйғуларини мувозанатдан чиқарган у ёки бу ҳаётий бир туйғу ўша истеъдодли одамнинг маҳорати билан ҳеч қачон эскирмайдиган йўсинда муҳрлаб қўйилади. Ҳеч қачон унутилмайдиган йўсинда. Шуниси билан адабиёт, яхши таъкидладингиз, у ўтмишда қандай хизмат қилган бўлса, бугун ҳам, эртага ҳам эскирмайди ва ўша хизматини қилаверади. Мана у “Оҳ урарман, оҳ урарман, оҳларим тутгай сени, Кўз ёшим дарё бўлиб, балиқлар ютгай сени”. Тасвирнинг нозиклиги, муболағанинг қудрати ва туйғуларининг самимийлигига қойил қоласиз. Ҳа, энди бугун афсуски, адабиёт деган ҳодиса ўқиган одам учунгина бор. Ўқимаган одам учун адабиёт йўқ. Ва бугун жамиятнинг жуда катта қисми ўзи яратилаётган бадиий асарлардан хабари йўқ, ўқишга ўзида куч топа олмайди. “Адабиётимиз ўлган, адабиётимиз таназзулни бошидан кечиряпти, кечаги адабиёт қаёққа кетиб қолди?” дегандай айбловларни қўяди-да, ҳолбуки у ўзидан хабари йўқ. Пастернак деган руснинг катта ёзувчиси айтади: “Катта ўқувчи бўлмаган жойда катта адабиёт бўлмайди” дейди. Бу жуда шунчаки чиройли айтиб қўйилган гап эмас, бу ҳақиқат. Энди бу билан нима демоқчиман? Демоқчиманки, адабиётга талаб қўйишдан олдин, адабиётга айб тақашдан олдин унинг даражасидан хабардор бўлиш керак. Шундагина сенинг айтган гапингда салмоқ бўлади. Ўзи хабардор бўлмаган ҳодиса ҳақида хулоса чиқаришдан одам тортиниши керак.
Пастернакнинг ҳам яхши фикрини айтиб ўтдингиз. Энди хаёлимга бир фикр келди. Мана шу адабиётга бўлган бир томонлама эътиборсизлик нимага ишора қиляпти? Келажакдаги қанақа хавфлардан хабар беряпти?













