Синдзо Абэ 1954 йилда Токио шаҳрида, сиёсий оламда таниқли бўлган оилада туғилган. Унинг она томондан бобоси Нобусуке Киси, мамлакатнинг собиқ бош вазири. Отаси Абэ Синтаро ўтмишда Япония ташқи ишлар вазири бўлган. 

Синдзо Абэ 1977 йилда Сэйкэй университетини тамомлаган. У ерда юридик факултетда сиёсатшунослик бўйича таълим олган. Сўнгра Америкага кўчиб ўтиб, 1978 йилдан 1979 йилгача Жанубий Калифорния университетида ўқиган. 1979 йилда Японияга қайтиб, «Kobe Steel» пўлат эритиш компаниясига жойлашган ва 3 йил ишлаган. 

Синдзо Абэ бобоси ва бувиси билан (AFP 2022 / Intercontinentale) 

Сиёсий карьера 

1982 йилда у ташқи ишлар вазири (отаси Синтаро Абэ) котиби сифатида сиёсий фаолиятини бошлайди. Япония Либерал-демократик партияси аъзолигига қабул қилинади. 1993 йилда Ямагучи префектурасидан Япония вакиллар палатаси депутатлигига сайланади. 1999 йилда партиянинг ёшлар бюроси ва ижтимоий масалалар бўлими директори бўлиб ишлайди. Бу партия раислиги ва бош вазирликка тўғридан тўғри олиб борувчи лавозим эди. 

2000 йилдан бошлаб Абэ бош вазирлар – Ёсиро Мори ва Жуничиро Коидзуми ҳукумати таркибида фаолият юритган. 

У КХДР томонидан япон фуқароларининг ўғирланиши масаласи билан жиддий шуғулланган. Бош вазир Коидзумига ҳамроҳлик қилиб Шимолий Кореяга борган ва Ким Чен Ир билан олий даражадаги учрашув гувоҳи бўлган. 

2003-2004 йилларда Абэ Япония Либерал-демократик партияси бош котиби бўлади. 2005 йил октябр ойида у Вазирлар Маҳкамаси бош котиби лавозимини эгаллайди. Кузатувчилар бу тайинловни бош вазир Жуничиро Коидзуми томонидан Абэни ўз вориси сифатида тайёрлаётгани белгиси сифатида қабул қилишади. 

Абэнинг биринчи ҳукумати 

2006 йил 20 сентябрда Синдзо Абэ партия раиси сифатида Жуничиро Коидзуми ўрнини эгаллайди. 26 сентябрда Абэ парламент томонидан бош вазир лавозимига тасдиқланади. Натижада 52 ёшли сиёсатчи энг ёш бош вазирлардан бири сифатида тарихга киради. 

Абэ бош вазир сифатида мамлакат Конституциясини ўзгартириш нияти, шунингдек, миллатчилик руҳидаги баёнотлари билан Японияда ва хорижда жамоатчилик ва матбуот эътиборини тортади.