Жамият | 15:14 / 08.07.2022
10070
3 дақиқада ўқилади

Йилнинг биринчи ярмида «Тез ёрдам» хизматига 6,2 миллиондан ошиқ чақириқ келиб тушган — ССВ

Энг кўп мурожаат Фарғона, Андижон, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

ССВ йилнинг 2022 йилнинг олти ойида тез ёрдам хизматига қанча чақириқ келиб тушгани бўйича маълумот берди.

«Кутилмаганда содир бўладиган ҳар қандай кўнгилсиз ҳодиса инсон ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф туғдириши турган гап. Табиийки, бундай ҳолатда энг биринчи бўлиб «Тез ёрдам» ходимлари бемор учун кўмакка ошиқади.

Қайд этиш лозим, бугун юртимизда шаклланган тез тиббий ёрдам хизмати юртдошларимиз ҳаёти ва саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, бу жиҳат коронавирус пандемияси даврида янада яққол намоён бўлди. 

Буни эса 2022 йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида «103» хизматига келиб тушган чақириқлар сонидан ҳам билиш мумкин.

Рақамларни таҳлил қилсак, 2022 йилнинг январ-июн ойларида мамлакатимиз бўйича «Тез ёрдам»га жами 6 миллион 245 минг 280 та чақириқ келиб тушди. Шундан 570 минг 817 нафар бемор шифохоналарга госпитализация қилинди», дейилади вазирлик хабарида.

Энг кўп мурожаат Фарғона (719 341 та), Андижон (666 206 та), Тошкент вилояти (623 095 та) ва Тошкент шаҳри (622 578 та) ҳиссасига тўғри келади.

Таққослаш учун, ўтган йилнинг январ-июн ойларида ўзбекистонликлардан тез тиббий ёрдам хизматига жами 5 миллион 811 минг 380 та чақириқ келиб тушганди.

Қайд этилишича, бугунги кунда коронавирус инфекциясининг олдини олиш, унинг тарқалишига йўл қўймаслик, хусусан, чақириқларни тезкор қабул қилиш ва беморларга сифатли тез ёрдам кўрсатиш мақсадида «103» хизмати бригадалари аҳолига тун-у кун хизмат қилмоқда.

«Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида «Тез ёрдам»га коронавирусга чалинган ва касалликка гумон қилинган беморлар бўйича 11 минг 157 та чақириқ келиб тушди.

Сўнгги ҳафталарда юртимизда касалланиш ҳолатлари ва «103» хизматига мурожаатлар сони ортиши кузатилмоқда. Шу боис айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб ихчамлаштирилган тез тиббий ёрдам бригадалари ташкил этиляпти. Бу эса чақирув манзилларига ўз вақтида етиб бориш ва кечикишларнинг олдини олишга хизмат қилади», — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий  марказининг Тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари  Давлатбек Юлдашев.

Мавзуга оид