Жаҳон | 09:34 / 11.07.2022
5547
3 дақиқада ўқилади

Москва прокуратураси «Журналистлар касаба уюшмаси»ни тугатишни талаб қилди

Хавфсизлик кучлари ташкилотни қуролли кучларни обрўсизлантиришда айблади. Суд даъво аризаси моҳиятан кўриб чиқилгунга қадар унинг ишини тўхтатиб қўйди.

Фото: Getty Images

Москва прокуратураси суддан «Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари касаба уюшмаси» минтақалараро жамоат ташкилотини тугатишни сўради, деб ёзади 11 июль, душанба куни «Ведомости» газетаси суд базасига таяниб.

Прокуратуранинг тақдимномасига биноан касаба уюшмаси ишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорда айтилишича, бу Россия Федерацияси Қуролли кучларини обрўсизлантиришга қаратилган оммавий ҳаракатлар тўғрисида маъмурий иш қўзғатилиши муносабати билан амалга оширилди, деб ёзади газета.

Бунга «ташкилот сайтида Россия Қуролли кучларини обрўсизлантиришга қаратилган, «ДХР» ва «ЛХР»ни ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳарбий операциянинг бориши ҳақидаги ишончсиз маълумотларни ўз ичига олган хабарларнинг эълон қилиниши сабаб бўлди», дея аниқлик киритган «Ведомости».

Касаба уюшмаси интернетда «ноқонуний характердаги маълумотлар»ни жойлаштиради, унинг фаолияти эса «инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига, жамоат тартибига, хавфсизлигига, жамият ва давлатга зарар етказишга олиб келади», деб тушунтирилган прокуратура тақдимномасида.

Касаба уюшмаси вакилининг «Ведомости»га таъкидлашича, май ойида Москва прокуратураси уларни фаолияти текширилиши тўғрисида хабардор қилган ва ташкилот, унинг низоми, қурултой ҳамда йиғилишлар қарорлари ва баённомалари, молиялаштириш манбалари, молиявий ҳолат тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишни талаб қилган. Шу билан бирга, касаба уюшмасига на даъво, на маъмурий иш қўзғатилганлиги ҳақида маълумот берилмаган, деди адвокат Максим Крупский «Ведомости»га.

«Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари касаба уюшмаси» 2016 йилнинг март ойида ташкил этилган – у 2016 йилнинг 9 мартида Чеченистон ва Ингушетия чегарасида журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бўлган автобусга қилинган ҳужумга муносабат сифатида пайдо бўлган. Ташкилот Россиянинг 40 та ҳудудидан 600 дан ортиқ журналистлардан иборат. Уюшма, шунингдек, Халқаро (IFJ) ва Европа (EFJ) журналистлар федерациялари аъзоси ҳисобланади.

IFJ президенти Доминик Прадалье касаба уюшмасига қарши суд жараёнини «адолатсиз ва асоссиз» деб атади. EFJ президенти Майя Север даъво аризасида «сиёсий суд жараёнининг барча белгиларини» кўрмоқда, дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган «Ведомости». 

Мавзуга оид