Жамият | 13:09 / 13.07.2022
13751
2 дақиқада ўқилади

“Ўлишни истамайман, онажон” — юраги хаста бола орзуси

Жиззахдаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси, орзулари бир олам Қурбонбек 12 ёшда. Юрагидаги нуқсон сабаб 8 ойдирки шифохонанинг жонлантириш бўлимида ҳаёт кечираётган болага мураккаб операция зарур.

Қурбонбек яшашни, ўқишни давом эттиришни, тенгдошлари сафида югуриб-елишни истайди: “Кун сайин чарчаб, ҳолдан тойиб боряпман, бурнимдан қон келяпти. Ўлишни истамайман. Дўстларим, опа-укаларим билан югуриб юргим келади”, – дейди у.

Онаси Ойширин Азимованинг айтишича, фарзанди билимга чанқоқ, тиришқоқлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Лицейга ҳам катта умидлар билан кирган ўғлининг орадан 3 ой ўтиб кома ҳолатига тушиб қолганидан хабар топган ота-она учун бу кутилмаган зарба эди.

Бола биринчи операцияни бошдан ўтказган, бунинг учун оила бор-будини: уйидаги моллари, автомобилини сотиб сарфлашган. Аммо навбатдаги операция учун уларда маблағ йўқ.

“Она бўлиб фарзанд дунёга келтирдим-у, лекин жонига ора кира олмаяпман. Боламни сақлаб қолиш учун маблағ топа олмадик.

Чекка қишлоқда яшаймиз, уйимдан ҳатто туман марказини топиб боролмасдим. Лекин оналик масъулияти, ўғлимни сақлаб қолиш умиди мени шу ергача етаклаб келди. Болам тузалиб кетишини жуда хоҳлайман”, – дея йиғлайди беморнинг онаси.

Бир фарзанд ўстириб, вояга етказиш, жамиятга қўшиш машаққатини ҳамма билади. Ўз келажаги учун курашаётган, халқига манфаатли фарзанд бўлишни истаётган ўғлоннинг ҳаётини сақлаб қолишга кўмак бўлайлик.

Қурбонбек Муродиновга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0423 5420 8687 онаси Ойширин Азимова номида

Humo: 9860 0803 5874 0761 онаси Ойширин Азимова номида

Манзил: Жиззах вилояти, Фориш тумани, Учма қишлоғи.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид