Ўзбекистон | 11:31 / 14.07.2022
7966
2 дақиқада ўқилади

Владимир Норов Евроиттифоқ давлатларининг Ўзбекистондаги элчилари билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Европа иттифоқига аъзо давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашди.

Фото: Kun.uz

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашувда Европа томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, мамлакат асосий қонунчилигига таклиф этилаётган ўзгартиришлар мазмуни ва моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон билан Европа иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик кенг кўламли, ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Томонлар Ўзбекистон билан Европа иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим яқинда имзоланганини олқишлади.

Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Европа ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Европа томони ўзаро савдони диверсификация қилиш, Ўзбекистонда профессионал таълим соҳасини ривожлантиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

2022 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида «Европа иттифоқи – Марказий Осиё» шаклида ўзаро боғлиқлик масалаларига бағишланган вазирлар анжумани ва ташқи ишлар идоралари раҳбарлари учрашувини муваффақиятли ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Европа томони 2022 йилнинг иккинчи ярмида Чехиянинг Европа иттифоқи кенгашига раислиги устувор йўналишларини тақдим этди, унда Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид