Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):

  • Нодирбек Қосимов - муҳандис-технолог;
  • Асрор Норқулов - молиячи;
  • Бобур Ёқубов - суд-тиббий эксперти (жамоа сардори);
  • Нурбек Йўлдошев - фалсафа доктори;
  • Рустам Жабборов - журналист;
  • Улуғбек Қулмуродов - Давлат статистика қўмитаси ходими.

Тажрибали билимдонларни ўзида жамлаган Бобур Ёқубов жамоаси бир неча мавсумлик танаффусдан сўнг ўйинларга қайтди. Бобур Ёқубов, Рустам Жабборов каби ёрқин номлар иштирокидаги ўйинни мухлислар ҳам соғинган.

Ёши катта билимдонлар тўпланганиданми ёки бошқа сабабми, жамоа ўйинни оғир бошлади.

1-раундда АҚШ президентлари ҳақида блиц саволлар тушди. Биринчи саволдан осонлик билан ўтган жамоа иккинчи саволда қийналди. Натижада ўйин ҳисоби мухлислар фойдасига очилди – 0:1.

2-раундда автомобил саноати қиролларидан бири Генри Форд ҳақида савол ўйналди. Муҳокама давомида турли вариантлар ўртага ташланган бўлишига қарамай, жамоа тўғри жавобга етиб бора олмади ва бу раунд ҳам мухлислар фойдасига ҳал бўлди. Ҳисоб – 0:2.

3-раунд саволи қадимги мисрлик аскарларнинг тошотар қуроли ҳақида бўлди. Афсуски, жамоанинг кутилган очкони олиши бу раундда ҳам рўй бермади. Ўта қизиқарли савол мухлислар жамоасига учинчи очкони келтирди. Ҳисоб йирик кўринишга келди – 0:3.

4-раундда Доғистон тарихида турли қабила ва уруғлар орасида қонли уруш вужудга келиш хавфи пайдо бўлганда, бундай урушларнинг аёл киши томонидан бостирилгани ҳақида ажойиб савол ўйналди. Саволдаги маълумот жамоага таниш бўлиб чиқди ва саволга муддатидан олдин жавоб берилди. Ҳисоб бироз қисқарди – 1:3.

5-раундда ўзбек хонадонларида деворларга нега гилам осиб қўйилиши ҳақида қизиқ савол ўйналди. Мазкур савол нафақат столда ўйнаётган билимдонларга, балки бутун клубга ҳам ноқулайлик қилди, дейиш мумкин. Йўқса, ушбу раундда олинган клуб ёрдами ҳавога учмас эди. Ҳисоб эса яна йирик кўринишга келди – 1:4.

Энди жамоа фақат ўз кучига ишониши лозим.

6-раунд саволи ўйиндаги энг зўрларидан бири бўлди. Италия тоғли ҳудудларида қўй боқувчи чўпонлар нима учун ўзлари билан хачирлар олиб юриши ҳақидаги саволга тоғликлар ҳаётидан яхши хабардор бўлган билимдон – Нурбек Йўлдошев тўғри жавоб бера олди ва яна ҳисоб бироз қисқарди – 2:4.