Ўзбекистон | 19:12 / 15.07.2022
8580
3 дақиқада ўқилади

Прокуратура органларининг фаолияти натижалари танқидий муҳокама қилинди

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида прокуратура, бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида бош прокуратура ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Фото: Бош прокуратура

Видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат мажлисида прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2022 йил 1-ярмидаги фаолияти натижалари танқидий муҳокама қилинди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, ҳайъат мажлисида бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ўтган ярим йилда прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато-камчиликларга бирма - бир тўхталиб ўтди.

Фото: Бош прокуратура

Қайд этилишича, ўтган ярим йилда прокуратура органлари томонидан 60 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 100 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 636 млрд. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Бевосита прокурорлар саъй - ҳаракати билан қисқа муддатда 160 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилган, қарийб 172 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Шу билан бирга, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш борасида айрим ҳудудларда йўл қўйилган камчиликлар танқид қилиниб, тадбирларни янада жонлантириш, айниқса, “Маҳаллабай” ишларни самарали ташкил этиш, тегишли дафтарларга киритилган фуқаролар билан манзилли ишлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 2 минг нафардан ортиқ тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 10 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган.

Йиғилишда ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб, бу борада ўтказилган назорат тадбирларида 3495 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланганлиги, 1830 гектар захирасига қайтарилиши таъминланганлиги, шунингдек, 12487 гектар ер майдонларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 574 та жиноят иши қўзғатилганлигига урғу берилди.

Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш борасидаги муаммолар ва йўл қўйилаётган хато-камчиликларни кескин танқид остига олди.

Судда прокурор ваколатини самарали таъминлаш, айниқса, суд ишларига асоссиз аралашишларнинг олдини олиш, шу билан бирга, ноқонуний суд қарорларига нисбатан ўз муддатида муносабат билдириб бориш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди. 

Йиғилишда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси фаолияти ҳақида ҳам сўз юритилди. 

Ҳайъат мажлисида масъулларнинг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилди.

Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид