Иқтисодиёт | 16:03 / 21.07.2022
8190
2 дақиқада ўқилади

МБ: Июнь ойида йиллик инфляция 12,2 фоизни ташкил этди

Фото: Fotolia

Июнь ойида йиллик инфляция 12,2 фоизни ташкил этди, бу асосан глобал инфляция жараёнлари, таъминот ва логистикадаги узилишлар, дон сотиш нархларининг либераллашуви шароитида импорт инфляцияси ҳисобига юзага келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки шарҳида айтилади.

«Агар йиллик инфляция таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари 16,5 фоизга ўсган бўлса, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар мос равишда 10,7 ва 6,8 фоизга қимматлашган. Бу, ўз навбатида, асосий инфляцияни камайтириш учун озиқ-овқат нархларини барқарорлаштиришга эътибор қаратишни талаб қилади», дейилади хабарда. 

Июнь ойидаги сўровларга кўра, аҳолининг кейинги 12 ойлик инфляцион кутилмалари пасайиш тенденциясини кўрсатиб, 16,4 фоизгача тушган (май ойидаги 17,6 фоизга нисбатан). Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам 15,7 фоизгача камайди (май ойида 17,3 фоиз).

«Истеъмол нархлари ўзгариши бўйича ҳафталик кузатувлар шуни кўрсатадики, нархларнинг ҳафталик ўсиш суръати май ойининг охири ва июнь бошларида энг юқори чўққисига чиқди ва июль ойининг биринчи икки ҳафтасида барқарорлашди», — дея хулоса қилади Марказий банк. 

Мавзуга оид