Жамият | 13:58 / 22.07.2022
11313
3 дақиқада ўқилади

"Бир ўғлим саратондан вафот этди, иккинчисида оғир дард": бир она учун икки фарзанд доғи

Андижонлик Жамила Ибрагимованинг бир ўғли хорижда қурилишда ишлаётиб бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган бўлса, бир ўғли у ердан оғир касаллик билан қайтган. 

Хорижда ризқ топиб оиласига юбораётган икки ўғлининг ҳаёти пароканда бўлган онаизорнинг сўзларини тинглаш осон эмас. Андижон шаҳридан келган Жамила Ибрагимова беш фарзанднинг онаси эди. Икки ўғли хорижда ишлаб, рўзғор тебратаётган бир пайтда оиланинг бошига кетма-кет тушган кулфатлар ота-онани саросимага солиб қўйди. Қурилишда ишлаётган тўнғич ўғиллари бахтсиз ҳодиса туфайли юқори қаватдан тушиб кетгач, бир нечта операциялар билан тирик қолади. Аммо ватанига қайтгандан кейин унинг саломатлиги ёмонлашиб, саратонга чалинганлиги маълум бўлган.

"Ўғлим охирги нафаси чиққунча қизалоғининг ёлғиз қолаётганидан хавотирда кетди. Укалари уни ёлғизлатиб қўймасликларини айтгандан кейин ўғлим вафот этди", - дейди ўтган воқеаларни эслаб она.

Тақдир ўйинини қарангки, унинг кейинги ўғли Достон Ибрагимов ҳам тирикчилик учун Россияда ишлаётган чоғида саломатлигида ўзгаришлар кузатила бошлади. Бутун танасидаги шиш тобора кўпайганлиги сабаб Ўзбекистонга қайтган йигит текширувлардан ўтганда унга ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилди. Шунинг учун ҳозир 30 ёшни тўлдираётган Достон 6 йилдан бери гемодиализ муолажалари билан яшаб келмоқда.

"Акамнинг болаларини ҳам зиммамга олгандим. Ҳар доим ўзим пул топиб, ота-онамга ёрдам беришга ҳаракат қилардим. Ҳеч бўлмаганда деҳқончилик қилиб, бозорда сотиб тирикчилик қилардим, уйга нон топиб келардим.

Ҳозир мен ота-онамга қараб дуо оладиган пайтда, улар мени парвариш қилишяпти. Уларни ҳаж сафарларига жўнатмоқчи эдим. Шунақа аҳволга тушганимдан эзиламан, аммо шу синов ҳам бор экан. Соғайиб шу ниятларимга етишдан умид узмайман", - дея ўкинади бемор.

Бир оилага келган қўш кулфат уларни мискин, эзгин қиёфага келтирган. Достонга донор бўлишни истаган акаси ҳаётдан ўтгач, у жиянининг таъминотини ҳам ўз бўйнига олган эди. Лекин бугун унинг ўзи шунга муҳтож. Беморга кўмак берган ҳар бир сахий қўл етимликда ўсаётган қизалоқ учун ҳам чўзилган бўлади. Қўш савоб олиш умидидаги ватандошлар орамизда жуда кўплиги шубҳасиз.

Достон Ибрагимовга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 2314 7725 бемор Достон Ибрагимов номида

Манзил: Андижон шаҳар, Байналминал кўчаси, 93 уй.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Тасвирчи - Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид