Жаҳон | 16:37 / 22.07.2022
13506
3 дақиқада ўқилади

Кишинёв Днестрбўйи «ТИВ раҳбари»нинг Россияга қўшилиш ҳақидаги баёнотига жавоб қайтарди

Молдова реинтеграция бюроси тан олинмаган ДМР билан можаро тинч йўл орқали ҳал қилинишига умид билдирмоқда. Кишинёв мамлакат ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш кераклиги ҳақида эслатди.

Фото: Reuters

Молдова реинтеграция бўйича бюроси тан олинмаган «Днестрбўйи Молдова республикаси» «ТИВ раҳбари» Виталий Игнатьевнинг РИА «Новости» Россия ахборот агентлигига ДМР «ҳокимияти» мустақилликка интилиш, кейин эса Россияга қўшилиш ниятида экани ҳақидаги баёнотини 2006 йилги референдумга таянган ҳолда изоҳлади

Молдова реинтеграция бўйича бюроси вакиллари 22 июль, жума куни «плебисцит натижаларининг қонунийлиги, ҳаққонийлиги ва ишончлилиги халқаро ҳуқуқ ва амалдаги миллий қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда, демократик қадриятларга асосланган ўтиш даври ҳамда асосий инсон ҳуқуқлари, тўлиқ сўз эркинлиги, ахборот цензурасини тўлиқ истисно қилиш асосида таъминланиши мумкин», деб маълум қилди.

Идора барча халқаро ҳамкорлар ва конституциявий ҳокимиятлар Молдова Республикасининг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасида, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилган ҳолда, Днестрбўйи можаросини тинч йўл билан ҳал этиш формуласини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. «Мамлакат реинтеграцияси ва Днестрнинг икки қирғоғи ўртасида ягона миллий маконни тиклаш Днестрбўйидаги келишув бўйича музокараларнинг асосий мақсадидир», — дейилади баёнотда. 

Жума куни эрталаб РИА «Новости» агентлиги сайтида тан олинмаган ДМР республика расмийларининг мақсади охир-оқибат Россия таркибига қўшилиш эканлиги ҳақида хабар пайдо бўлди. «Днестрбўйи вектори республика мавжуд бўлган барча йиллар давомида ўзгаришсиз қолди, бу 2006 йил 17 сентябрдаги референдум натижаларида ўз аксини топди, унда қуйидагилар аниқ кўрсатилган: кейинчалик Россия Федерациясига эркин қўшилиш орқали мустақиллик. Мамлакат мустақиллиги - мутлақ устувор вазифа», дея маълум қилди тан олинмаган ДМРнинг «ТИВ раҳбари» Виталий Игнатьев. 

Унинг сўзларига кўра, суверенитет концепцияси ва республикани кенг тан олиш бўйича халқаро ҳуқуқий далиллар узоқ вақтдан бери шаклланган ва уларга «ҳеч ким қаршилик кўрсатишга қодир эмас». 

Шу куни Молдова Днестрбўйида жойлашган тезкор гуруҳдан бўлган россиялик ҳарбий хизматчиларнинг (ОГРО) ўз ҳудудига киришини тақиқлади. «Мамлакатимиз ҳудудидаги бетарафлик мақомини бузувчи ноқонуний тузилма бўлган Россия қўшинларининг тезкор гуруҳи деб аталадиган офицерлар Молдова ҳудудига киритилмайди», — дея маълум қилди Молдова ТИВ спикери Даниэль Воде. 

Мавзуга оид