Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Украина ва Молдовага 153 млн евро шошилинч ёрдам ажратди
Европа Иттифоқи Украина ва украин қочқинларини қабул қилаётган Молдовага, Россиянинг Украина фуқаролик энергетика инфратузилмасига давом этаётган ҳужумлари туфайли гуманитар вазият кескин ёмонлашгани фонида, 153 млн евро миқдорида шошилинч ёрдам тақдим этади. Бу ҳақда Европа комиссияси (ЕК) 29 январ, пайшанба куни маълум қилди.
Фото: Sergei Gapon/AFP/Getty Images
“153 млн евро миқдоридаги янги гуманитар ёрдам ва шу ой қўшимча етказиб берилаётган 947 та генератор орқали биз одамларда энг кўп эҳтиёж бўлган пайтда бошпана, иссиқлик ва умид бўлишини истаймиз”, — деди ЕКнинг инқирозларни бошқариш бўйича аъзоси Ажа Лябиб.
Европа комиссияси маълумотларига кўра, пакет Украина аҳолисининг шошилинч гуманитар эҳтиёжларини қоплаш учун 145 млн еврони ўз ичига олади. Украина Россиянинг ҳарбий босқинига қарши тўртинчи йил ҳимояланмоқда. Маблағлар аҳолини ҳимоя қилиш, турар жой (бошпана), озиқ-овқат, нақд пул кўринишида ёрдам, психологик-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек сув ва тиббий хизматларга кириш имкониятини таъминлашга йўналтирилади. Яна 8 млн евро эса Молдовада украин қочқинларини жойлаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб берилади.
Ушбу ёрдам билан бир вақтда Европа Иттифоқи шошилинч энергетик қўллаб-қувватлашни ҳам оширмоқда. Жорий ҳафтада Украинага касалхоналар, бошпаналар ва бошқа муҳим объектларни электр билан таъминлашни тиклаш учун қиймати 3,7 млн евро бўлган 447 та электр генератори етказиб берилди. ЕК хабарномасида айтилишича, асосий хизматларнинг узлуксиз ишлашини таъминлашга кўмаклашиш учун стратегик захиралардан яна 500 та генераторни жойлаштириш (тақсимлаш) ишлари ҳозир амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Европа комиссияси Европа инвестиция банки (ЕИБ) билан ҳамкорликда Украина давлат энергетика компанияси “Нафтогаз”га қўшимча 50 млн евро ўтказди. Алоҳида пресс-релизда: “Ukraine Facility дастури доирасида ажратилган ушбу қўшимча кредит Европа томонидан Украина энергетикасидаги энг долзарб эҳтиёжларга жавоб чораларини кучайтиради”, — дейилган. Маблағлар қиш фаслида аҳоли, муҳим объектлар ва корхоналарни иситиш ҳамда энергия билан таъминлашга ёрдам беради.
ЕК маълумотига кўра, 2025–2026 йиллар қиши учун Украинага газни шошилинч харид қилиш бўйича Европа Иттифоқи кўмаги умумий ҳисобда 977 млн еврони ташкил этади. “Нафтогаз” эса, ўз навбатида, ушбу молиялаштиришга тенг сумма эквивалентини қайта тикланувчи энергетика ва декарбонизация лойиҳаларига қайта инвестиция қилиш мажбуриятини олади.