Истанбул келишувидан 24 соатдан камроқ вақт ўтиб Одесса портига ракета зарбалари берилди
Зарбалар Истанбулда Қора денгиздаги учта портни очиб қўйиш бўйича келишув имзоланган куннинг эртасига амалга оширилди. БМТ, ЕИ, Германия ва АҚШ денгиздаги марказнинг ўққа тутилишини қоралади.
Россия қўшинлари Одесса портига ракета зарбалари берди, дея маълум қилди Украинанинг «Юг» оператив қўмондонлиги. Қўмондонлик ҳужумда «Калибр» туридаги қанотли ракеталар қўлланганини билдирган.
«Иккита ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилди, иккитаси порт инфратузилмаси объектларига тегди», – дейилади хабарда.
Украина ТИВ расмий вакили Олег Николенконинг билдиришича, зарбалар Истанбулда Қора денгиз портларидан Украина донини экспорт қилиш бўйича келишув тузилганидан бир кун ўтмасдан амалга оширилди, шу сабабли Москва бу келишувлар ва ваъдаларни шубҳа остига қўйди. «Россия ракетаси – Владимир Путиннинг келишувга эришиш учун катта саъй-ҳаракатлар қилган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған юзига тупуриши», деб ёзди у Facebook'да.
ТИВ вакили Украина Истанбулда эришилган келишувларни қатъий бажаришга чақиришини таъкидлади. Агар уларга риоя қилинмаса, «Россия глобал озиқ-овқат инқирозининг чуқурлашиши учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади», деб қўшимча қилди у.
Одесса денгиз порти ҳудудидаги портлаш ва ёнғинлар ҳақида маҳаллий Telegram-каналлар ҳам хабар бермоқда. Депутат Олексий Гончаренко ҳам шаҳар осмонидаги ҳаво жанги ҳақида хабар берди. Аввалроқ шаҳарда огоҳлантириш сигнали эълон қилинган эди.
Россия томонидан ҳозирча бу ҳужум юзасидан расмий муносабат бўлмади.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Одессадаги портнинг ўққа тутилишини «қатъий» қоралади ва РФ, Украина ҳамда Туркияни Украина дони ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича келишувга риоя қилишга чақирди.
Евроиттифоқ ҳам буни қоралаб чиқди. «Истанбул келишувлари имзоланганидан бир кун ўтиб дон экспорти учун асосий бўлган жойга зарба бериш айниқса қораланади ва Россиянинг халқаро ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларга тўлиқ эътибор бермаслигини яна бир бор кўрсатади», – дея қайд этди Евроиттифоқнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррел.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам мазкур ҳужумни кескин қоралади. «Одесса портига қўрқоқларча қилинган ракета ҳужумлари Россия раҳбариятининг имзоси ҳозир умуман муҳим нарса эмаслигини кўрсатмоқда», – дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги. Бербокнинг сўзларига кўра, «ҳужум Украина дони экспорти учун муқобил йўллар устида қаттиқ ишлашни давом эттириш кераклигини кўрсатади».
Шу билан бирга, портнинг ўққа тутилиши ҳақидаги хабарлар нуқтайи назаридан Германия Бундестаги РФ президентига ишонмасликка чақирди. «Путинга ишониб бўлмайди. Дон бўйича келишув имзоланган куннинг эртасига у Одесса портига ҳужум қилди», – деди Бундестаг раиси ўринбосари Катрин Гёринг-Эккардт RND гуруҳи нашрларига.
АҚШнинг Киевдаги элчиси Брижит Бринк Одессага қилинган ҳужумни номақбул деб атади ва Россияни жавобгарликка тортишга чақирди. «Кремл озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланишда давом этмоқда», деб ёзди дипломат Twitter'да.
Бир кун аввал, 22 июл куни Россия ва Украина денгиз портларида уруш бошланганидан бери тўсиб қўйилган миллионлаб тонна Украина ғалласини экспорт қилиш муаммосини ҳал қилиш бўйича келишув имзолаган эди. Маросим Истанбулда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш воситачилигида, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған иштирокида ўтказилди. Россия ва Украина ўртасидаги келишув биргаликда тузилмади, аксинча, томонларнинг ҳар бири Туркия ва БМТ билан алоҳида ҳужжат имзолади.
Битим Одесса, Черноморск ва Южний портларининг озиқ-овқат кемалари учун очиб қўйилишини назарда тутади, улардан яқин ҳафталарда Украина озиқ-овқатлари экспортини қайта тиклаш режалаштирилган. Шу билан бирга, Туркияда барча томонлар вакилларидан иборат инспекция гуруҳлари тузилади, улар юклар ва Украина портларига кетаётган ёки ундан чиқиб кетаётган кемалар экипажларини текширади.
БМТ раҳбари ҳужжатнинг имзоланишини «Қора денгиздаги умид чироғи» деб атаган эди.
Мавзуга оид
10:50 / 10.10.2024
РФнинг Одессага зарбасида камида олти киши ҳалок бўлди
09:20 / 08.10.2024
Одессада РФ ракетаси фуқаролик кемасига бориб урилди
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024