Жаҳон | 18:11 / 02.01.2025
3549
2 дақиқада ўқилади

Россияда полиция ходимларига ноқонуний мигрантлар яшовчи уйларга тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилади

РФ ҳудудида ноқонуний бўлиб турган чет эл фуқароларини депортация қилиш режими 5 мартдан кучга киради. Унинг доирасида полициячилар бу каби инсонлар яшайдиган уйларга эркин кириш ҳуқуқига эга бўлади.

Фото: ри

Россияда депортация режимига тушган мигрантлар устидан назорат талаблари доирасида полицияга улар яшайдиган уйлар ва бошқа биноларга тўсқинликсиз кириш ҳуқуқи берилади. Бу борадаги тегишли норма 5 мартдан кучга кирадиган қонунда белгиланган.

Қайд этилишича, полициячилар мигрантлар яшайдиган уйларга киришдан ташқари Россия давлат органлари ва чет эл ҳукуматларидан назоратни амалга ошириш учун зарур маълумотлар, жумладан, тижорат, банк, солиқ ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи ҳужжатларни сўраши мумкин. Бундан ташқари, ИИВ ходимларига банклардан чет эл фуқаросининг банк ҳисобрақами ва у ердаги пул маблағлари айланмаси тўғрисида маълумот олишига рухсат берилади.

Полиция, шунингдек, техник воситалардан фойдаланган ҳолда депортация режимидаги хорижлик фуқароларни кузатиш ҳуқуқига эга бўлади. Шундай қилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига мобил телефонлар ва геолокациялар, юзни таниш тизими орқали ишловчи тўлов тизимларидан фойдаланишга рухсат берилади.

Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар депортацияси режими 5 мартдан кучга киради. Ушбу режимга кирувчи шахсларнинг маълумотлари махсус реестрга жойлаштирилади. Уларга нисбатан турли чекловлар, масалан, кўчмас мулк ва транспорт хариди, РФ ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиши тақиқланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 январдан бошлаб Россияга кирувчи хорижий фуқароларнинг вақтинча бўлиш муддатига оид қонунчиликдаги ўзгаришлар кучга кирди. Жумладан, хорижликларнинг Россияда визасиз бўлиш муддати 90 кунгача қисқартирилди. Илгари бу муддат 180 кунни ташкил қилар эди. Ўзгартиришлар Россияга визасиз кирадиган чет эл фуқароларига тегишли. Россияга виза билан келган хорижликларнинг вақтинча бўлиш муддати ўзгаришсиз қолмоқда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид