Ўзбекистон | 07:35 / 23.07.2022
5094
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев уч ҳудудда ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳалар билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Чуст, Поп, Наманган ва Музработда ичимлик суви таъминоти 50 фоиз бўлиб, аҳволи қолган туманларга нисбатан оғир. Мавжуд тармоқлар эскирган. Сув қаттиқлиги 1,5 баравар ошгани учун ошқозон-ичак ва урология касалликлари кўпайган.

Янгийўл, Ангрен, Чирчиқ, Олмалиқ ва Бекобод шаҳарларида оқова сув қамрови 60 фоизга ҳам бормайди. Бу кўрсаткич Чуст ва Чиноз туманларида 3 фоиз бўлса, Мингбулоқда умуман йўқ. Охирги йилларда ушбу туман ва шаҳарларда кўплаб уй-жойлар қурилиб, аҳоли сони яна ўсган.

Тақдимотда мутасаддилар мазкур учта лойиҳа бўйича ахборот берди. Бу лойиҳалар Сурхондарёнинг Музработ тумани, Наманганнинг 4 та тумани, Тошкент вилоятининг 7 та шаҳар ва туманида амалга оширилади. 

Улар доирасида 660 километр ичимлик ва оқова сув тармоғи, 4 та сув олиш, 7 та сув тозалаш, 12 та оқова сув станцияси барпо этилади. Жами 1 миллион 200 минг нафар аҳоли эҳтиёжини қамраб олади. Жумладан, 590 минг нафар аҳоли илк бора ичимлик ва оқова сув хизмати билан таъминланиб, 595 минг нафарининг сув шароити яхшиланади.

Лойиҳаларнинг техник-иқтисодий жиҳатлари муҳокама қилинар экан, президент “улар учун сув манбаи етарлими” дея савол қўйди. Лойиҳалар доирасида камида 30 йилга етарли сув захирасини яратиш зарурлигини таъкидлади. Қурилиш таннархини арзонлаштириш бўйича тавсиялар берилди. Харидларни 80 фоиз маҳаллийлаштириб, 10 фоиз иқтисод қилиш мумкинлиги айтилди.

Яна бир масала – сарфланган маблағларнинг қайтимини таъминлаш. Кўп жойларда ичимлик суви учун тўлов тушуми тўлиқ эмас. Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида дебитор қарздорлик 210 миллиард сўмга етган.

Шу боис энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиб, сув етказиб бериш харажатларини қисқартириш, йўқотишларни камайтириш вазифаси қўйилди. Барча жараёнларни рақамлаштириш, маҳаллабай ишлаб, тўловни таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Мавзуга оид