ХХ асрнинг 50-60 йилларида бошқа транспорт турлари каби фуқаро авиацияси ҳам кескин ривожлана бошлайди. Конструкторларнинг изланишлари туфайли самолётлар анча такомиллашади. Уларда йўловчи ўрни, учиш тезлиги ошади. Янги русумдаги самолётлар тобора баландроқ уча бошлайди. Ўша пайтда самолётсозликда ҳам Ғарб давлатлари ва СССР ўзаро рақобат қиларди.

Ана шундай шароитда аввал Франция ва Буюк Британия ҳамкорлигида ташкил этилган консорциумда, кейин СССРда товушдан тез учадиган йўловчи самолётини ясаш устида ишлар бошланади. Бунгача эса товушдан тез учадиган ҳарбий самолётлар ясаб бўлинганди. Бу рақобатда СССР самолётсозлари ғалаба қозонишади ва улар дунёдаги товушдан тез учувчи йўловчи самолётини биринчи бўлиб ясаб, синовдан ўтказишади.

Товушдан тез учувчи самолётлар тарихи

Товушдан тез учувчи самолётлар яратиш устида ишлар иккинчи жаҳон уруши давом этаётган пайтда бошланади. 1947 йилда америкалик синовчи-учувчи Чак Йегер ракетали двигателлар ўрнатилган Bell X-1 самолётини товушдан тез бўлган тезликка чиқаради.

Шундан сўнг АҚШ ва СССРда товушдан тез учувчи ҳарбий самолётларнинг бир нечта тури ясалади.

Товушдан тез учувчи ҳарбий самоётларни серияли ишлаб чиқариш СССРда 1952 йилда бошланган. Бу Микоян ва Гуревич бошчилигидаги конструкторлик бюроси томонидан ясалган МиГ-17 самолёти эди.

1953 йилда АҚШда ҳам North American F-100 Super Sabre қирувчи самолёти серияли ишлаб чиқарила бошланади. Шундан сўнг товушдан тез учувчи йўловчи самолётлари устида ишлар бошланади.

Фото: kolyan.net

1962 йилда Буюк Британия ва Франция ҳамкорликда консорциум ташкил этишади. Бу консорциум томонидан товушдан тез учувчи самолёт лойиҳаси қилинади ва унга «Конкорд» деб ном берилади.

Ғарбда товушдан тез учувчи самолётларни ясаш бўйича ишлар бошлангандан сўнг совет иттифоқида ҳам бундай турдаги самолётларни ясашга жиддий киришилади. Конструкторлар ва авиасозлар олдига нима қилиб бўлса ҳам бундай самолётларни ғарбликлардан олдин ясаш топшириғи қўйилади.

Лойиҳани амалга ошириш Туполев бошчилигидаги конструкторлик бюросига топширилади. Бунгача, Туполев ўз конструкторлари билан товушдан тез учувчи Ту-22 ҳарбий бомбардимончи самолётини ясаган ва у муваффақиятли синовдан ўтган эди.