Жаҳон | 08:58 / 25.07.2022
10511
2 дақиқада ўқилади

Японияда Сакурадзима стратовулқони отила бошлади

Мамлакат жанубидаги Сакурадзима стратовулқонининг отилиши натижасида одамларни эвакуация қилишни талаб этувчи хавфнинг бешинчи даражаси эълон қилинди.

Фото: TWITTER/CIRCULOGLOBAL_I

Япония жанубидаги Кагосима префектураси, Кюсю оролида жойлашган Сакурадзима стратовулқонининг отилиши натижасида ўнлаб одамлар уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Япония метеорология агентлиги 24 июль, якшанба оқшомида эвакуацияни талаб қилувчи бешинчи огоҳлантириш даражасини эълон қилди.

NHK телеканали вулқон кратеридан қалин тутун чиқаётгани акс этган кадрларни намойиш этди. Япония бош вазири ўринбосари Ёсихико Исодзаки сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар, жароҳатланганлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумотлар йўқ. Япония бош вазири Фумио Кисида ҳукуматга «зарарнинг олдини олиш учун маҳаллий муниципалитет билан яқиндан ҳамкорлик қилишни» топширди, деди Исодзаки журналистларга. 

Сакурадзима стратовулқони тез-тез тутун ва кул чиқаради ҳамда сайёҳлик учун асосий диққатга сазовор жой ҳисобланади. Бу сўнгги бир ҳафта ичида биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Аввалги отилиш 17 июль куни кузатилган эди. 

Метеорологларнинг маълумотларига кўра, кул кратердан тахминан 2,5 километр масофага тарқалган, тутун эса тахминан 300 метр баландликка кўтарилиб, булутларга қўшилиб кетган. Метеорологлар Кагосима шаҳри туманлари жойлашган кратердан 3 километр радиусда йирик вулқон тошлари қулаши хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда. Бундан ташқари, пирокластик оқимнинг шаклланиши истисно қилинмаяпти. 

Японияда кўплаб фаол вулқонлар мавжуд. Мамлакат Тинч океанининг оловли ҳалқасида жойлашган бўлиб, Тинч океанининг периметри атрофида фаол вулқонларнинг аксарияти бор ва дунёдаги энг кўп зилзилалар қайд этилган ҳудуд ҳисобланади. 

Сакурадзимадо 1914 йилгача орол эди. Кейинчалик лава оқимлари уни Кюсю ороли Кагосима префектурасидаги Осуми яримороли билан боғлади. 

Япония охирги марта 2015 йилда Кагосима префектурасида жойлашган Кутиноэрабу оролида отилиш содир бўлганида вулқон туфайли эвакуация бўйича юқори огоҳлантириш даражасини эълон қилган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш