Бу қарашларга кўра, Ўзбекистонда айни кунларда 50-60 даража иссиқ ҳарорат кузатиляпти-ю, Гидрометеорология хизмати одамларни хавотирга солмаслик учун ҳароратни 5-6 даража пастроқ қилиб кўрсатмоқда. Ёки ҳукумат шу орқали турли тўловлардан қочмоқда.
Хўш, чиндан ҳам Гидрометеорология хизматининг расмий маълумотлари ҳақиқий ҳароратни пасайтириб кўрсатиш орқали эълон қилинадими?

Kun.uz мухбири хизмат мутахассисларига юзланиб, вазиятга ойдинлик киритиш ва буни аниқ ҳолатда далиллаб беришни сўради.
Гидрометхизмат бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Зоҳидов саволларимизга жавоб бераркан, аввало одамлар орасидаги бундай фикрлардан яхши хабардорлигини айтади.

“Биз ҳозир очиқ майдон, очиқ ҳавода турибмиз. Бу қуёш нурларининг тўғридан тўғри инсонга таъсир қилиши ҳисобланади. Бу инсонлардан ташқари автомобилларга ҳам тўғридан тўғри таъсир қилади. Лекин ҳаво ҳароратини ўлчашнинг ҳам ўз тасдиқланган қоидалари бор. Яъни автомобилларга ўрнатилган термометрлар ҳаво ҳароратини табиий усулда ўлчамайди.
Ҳаво ҳароратини тўғри ўлчаш учун Селянинов будкаси номли қути ичида ўрнатилган термометр кўрсаткичлари маълумотига асосланиш керак”, – дейди мутахассис.
У бизга Селянинов будкаси нима экани борасида ҳам бир қатор маълумотларни бўлишди.
“150 йилдирки ҳаво ҳарорати 2 метр юқорига ўрнатилган шу каби тахтали қутича ичидаги термометр кўрсаткичлари ёрдамида ўлчанади.
Бу қутича, “психрометрик будка” ёки “метеорологик будка” ҳам дейилади.
Будка 1,75 метрли қўзғалмас, мустаҳкам темир таянчлари устига ўрнатилади. Будка ичида вертикал кўринишдаги термометрлар ҳаво ҳарорати қийматини кўрсатса, горизонтал ҳолатдаги термометрлар сутка давомида кузатилган максимал ва минимал ҳаво ҳарорати қийматларини қайд этади”, – дейди Зоҳидов.



















