Фото: Заковат
  • Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):
  • Нодира Баҳромова - филолог;
  • Назокат Абдусаитова - Тошкент давлат педагогика университети 4-босқич талабаси;
  • Нодира Турғунова - филолог (жамоа сардори);
  • Майсара Очилова - Республика маънавият ва маърифат маркази мутахассиси;
  • Мадина Мирзараҳматова - Ўзбекистон Миллий университети 4-босқич талабаси;
  • Муаззам Шоумарова - менежер.

2022 йил ёзги мавсумининг навбатдаги баҳсида ўйиндан-ўйинга кучайиб бораётган қизлар жамоаси иштирок этди. Бундан буён жамоа ўйинларни янги сардор – Нодира Турғунова бошчилигида олиб боради. Аввалги сардор Мадина Мирзараҳматова билимдон сифатида ўз имкониятларини намойиш этишга ҳаракат қилади.

1-раундда италян скрипкачиси Паганини мусиқаси ҳақидаги савол ўйналди. Мусиқа эшиттирилиб, унинг номини топиш сўралди. Бироқ қизлар тўғри жавоб топа олмади. Ҳисоб – 0:1.

2-раундда шарқ алломалари нимани охир-оқибатда кулфатга дучор қилувчи сохта пулга ўхшатган, деган савол тушди. Бошида жавобдан узоқ вариантлар айтилган бўлса-да, кейинроқ жамоа тўғри вариантга етиб бора олди ва ҳисоб тенглашди – 1:1.

3-раунд саволи Абдулла Қодирийнинг том курашдаги бир ахлоқий ҳаракати ҳақида бўлди. Ўтган ўйинда ўз имкониятларини намойиш эта олмаган Муаззам Шоумарова бу сафар жамоага тасодифан қўшилиб қолмаганини исботлади ва ҳисобни билимдонлар томонига оғдирди – 2:1.

Навбатдаги раунд саволини ҳам билимдонлар енгиллик билан топишди. Японлар Кореяни босиб олганда нега давлат номини Corea’дан Korea’га ўзгартирган, деган мазмундаги саволга тўғри вариант Нодира Баҳромова томонидан дастлабки сонияларданоқ айтилди. Ҳисоб – 3:1.

5-раундда блиц саволлари тушди. Ёш ўзбек ижодкорлари картиналарининг номини топиш ҳақидаги саволларнинг дастлабкисидаёқ билимдонлар муваффақиятсизликка учради. Ҳисоб – 3:2.

Кейинги раундда 70-йилларгача нега противогазларда резина шох бўлгани ҳақидаги савол ўйналди. Бу саволда ҳам Нодира Баҳромовада тўғри вариант бор эди, бироқ жамоа сардори Мадина Мирзараҳматовага ишонч билдирди. Мадинанинг нотўғри вариантидан сўнг ҳисоб тенглашди – 3:3.

7-раунд саволи ўйиндаги энг жиддийларидан бири бўлди. Музқаймоқни вафлига солиб бериш усули пайдо бўлгач, бу кимларни энг кўп хурсанд қилган, деган саволга жамоа турли вариантлар билдирди, аммо ичида тўғри жавобга яқин келгани бўлмади. Натижада телетомошабинлар жамоаси ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ҳисоб – 3:4.