Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ШҲТни янада ривожлантириш билан боғлиқ муҳим жиҳатларни санади
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Тошкентда бошланган ШҲТ ТИВК йиғилишидаги нутқида ШҲТ фаолиятини янада ривожлантириш билан боғлиқ муҳим жиҳатларни санаб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».
«Биз халқаро муносабатларда туб ўзгаришлар ва глобал қайта қуриш даврига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ушбу жараён беқарорлик ва иқтисодий ноаниқликнинг кучайиши билан боғлиқ», деди у.
Қайд этилишича, интернет оламида ахборот хавфсизлиги соҳасидаги хавфли тенденциялар - кибертаҳдидларни яратиш, экстремистик, сепаратистик ва террористик мурожаатларни тарқатиш, бузғунчилик мақсадларига йўналтирилган сохта янгиликлар тобора ортиб бормоқда.
«Ўзбекистонда яқинда рўй берган фожиали воқеалар минтақада тинчлик ва барқарорликни бузишга уринаётган бузғунчи кучларнинг ахборот таҳдидларидан фойдаланганидан далолат беради», дейди Владимир Норов.
Маълум қилинишича, ушбу муаммоларга ва «уч ёвуз» кучга қарши туришда бирдамликнинг янада яққол намоён бўлиши ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда. ШҲТ давлатлари ахборот ва бошқа янги таҳдидлардан ҳимоя қилиш, «Шанҳай руҳи» тамойиллари асосида дўстлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириши зарур.
«ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолиятини хавфсизлик, жумладан, кибержиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ўзгарувчан воқеликка мослаштириш масаласи мавжуд», деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.