Жамғарма маблағлари талон-торож қилинмаган - Автомобиль йўллари қўмитаси
Автомобиль йўллари қўмитасининг билдиришича, йўл хўжалиги соҳасида 34 трлн 575 млрд сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланган деб қайд этилганлиги ҳақиқатга тўғри келмайди.
Автомобиль йўллари қўмитаси оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Молия вазирлигининг Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси раҳбарининг ахбороти бўйича ёритилган материаллар юзасидан баёнот берди. Қўмита баёнотига кўра, 2021-2022 йилларда йўл хўжалиги лойиҳаларида амалга оширилган қуриш-таъмирлаш ишларини ўрганишлари натижасига кўра 45 та ҳолатда 34 трлн 575 млрд сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланган деб қайд этилганлиги ҳақиқатга тўғри келмайди.
“Ушбу материалларда йўл ишларини амалга ошириш учун 2021 йил ва 2022 йилнинг I ярим йиллигида Жамғарма томонидан жами 13,3 трлн сўм ажратилганлиги баён этилган бўлсада, 34,5 трлн сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланган деб кўрсатилиши мантиқан нотўғри.
Қўмитанинг матбуот хизмати томонидан олиб борилган тушунтиришлардан сўнг айрим сайтлардаги маълумотларга ўзгартиришлар киритилиб, "34,5 трлн сўм" жумласи "34,5 млрд сўм" жумласига ўзгартирилди”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, ушбу 34,5 млрд сўм миқдоридаги маблағларнинг самарасиз ишлатилиши тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилиб, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясидан маълумотлар олинган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 34,5 млрд сўмдан 12,1 млрд сўм (36 фоиз) қисми республика йўл хўжалиги тизимига тааллуқли бўлмаган корхоналар ва объектларга тегишлидир.
Қолган 22,4 млрд сўм маблағнинг 15,8 млрд сўм (71 фоиз) қисми ўз тасдиғини топмади.
Қолган 6,6 млрд сўм миқдоридаги йўл ишларини бажариш билан боғлиқ аниқланган камчиликлар текширув жараёнида тўлиқ бартараф этилган ҳамда тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилган.
“Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, аниқланган камчиликлар орасида Жамғарма маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланмаган.
Автомобиль йўллари қўмитаси сўз эркинлиги бўйича Конституциявий ҳуқуқларни ҳурмат қилган ҳолда барча оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва фуқаролар учун очиқлигини ҳамда соҳага оид барча саволларга жавоб беришга тайёрлигини яна бир бор маълум қилади”, дейилади Автомобиль йўллари қўмитаси баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қонунчилик палатаси ва Сенат мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталари қўшма мажлисида Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси раҳбарининг соҳани ривожлантириш учун ажратилган маблағлар сарфланиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти муҳокама қилинганди.
Мавзуга оид
15:00 / 06.09.2023
Самарқандда халқаро конференция муносабати билан айрим йўллар ҳаракат учун ёпилади
17:17 / 24.08.2023
Йўлларни 822 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган — Сенат
09:22 / 25.07.2023
Япония Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида янги лойиҳани амалга ошириши мумкин
13:58 / 20.07.2023