Жамият | 18:42 / 30.07.2022
22435
4 дақиқада ўқилади

“Куч-қувват берса 80 ёшгача Damas минмоқчиман” – фарғоналик 65 ёшли ҳайдовчи аёл

Фарғона вилоятининг Бувайда тумани марказидаги “Янгиқўрғон – Янгибозор” йўналишида 65 ёшли Damas ҳайдовчиси Меҳрихон Ҳалимовани барча бирдек танийди. Шижоатли аёл йўловчи ташиш билан шуғулланади.

Унинг ўғли ҳам худди шу йўналишда Damas ҳайдаган. Ўтган йили коронавирус пандемияси даврида Меҳрихон опа ўғлидан айрилди. Якка-ю ёлғиз ўғлидан жудо бўлган аёл ўзини қўлга олиб, севимли касбини давом эттириб келмоқда.

“Адашмасам, машина ҳайдашни 22 ёшимда ўрганганман. Сельхозтехникумнинг механика факультетини тамомлаганман. Оилада 4 ўғил, 4 қиз эдик. Ота-онам далада ишлаган. Ниятга ҳам боғлиқ экан. Ёшлигимдан машина сотиб олиш орзуси тинчлик бермаган. Ўқиш пайтимизда трактор ҳайдашни ўргатишган эди.

Аввалига Москвич, кейин эса Жигули олдик. Йўлга чиққанимга 10 йилдан ошди. Пенсияга чиқибоқ Damas ҳайдашга тушдим. Ҳайдовчилик ортидан рўзғор тебратяпмиз. Бир ўғил, икки қизим бор эди. Ўғлим ўтган йили 2 август куни оламдан ўтди.

Аёл киши учун йўналишли таксида ишлаш қийин бўлиши мумкин. Лекин бекорчи бўлиб кўчада гап сотиб юришни ёмон кўраман. Ҳар куни тушликкача бўлсаям ишга чиқишга ҳаракат қиламан. Ҳарна оилага ёрдам бўлсин деб ишлайман-да. Тонгда ишга чиқиб, соат 12:00-13:00ларда уйга кириб кетаман. Топишим ёмон эмас.

Ҳар ким ҳам имкон топиб изланиб ишлаши керак деб ўйлайман. Уйда ўтираверсангиз ким ҳам сизга ғамхўрлик қиларди? Авваллари 2 та Damas’имиз бор эди. Ўғлим Lacetti ҳайдагиси келиб Lacetti олдик.

Одамлар таксичилик қилиб машина олиб бўлмайди дейишади. Биз ҳайдовчилик ортидан 2 йил пул жамғариб мана Lacetti олдик-ку.

Янгиқўрғон – Янгибозор йўналиши 18 км чиқади. Уйда келиним бор. Уй ишларини келиним ва қизим қилади кўпроқ. Бир кунда кассага камида 150 минг сўм қўяман. Ундан кам ва кўп ҳам бўлиши мумкин. Ҳаммаси ҳаракатингизга боғлиқ.

Йўналишдаги Damas ҳайдовчиларининг ҳаммаси ҳурмат қилишади. Кўп ҳолатларда ўз навбатларини беришиб йўлга кузатиб қўйишади.

Ўғлим 1982 йил туғилган эди. У билан фахрланардим. Коронавирус ўғлимни ҳам четлаб ўтмади. Жигарбандим 2 кун шифохонада ётиб жони узилди. Бепарво бўлибман, оддий томоқ оғриқ деб ўйлаб касалликни ўтказиб юборган эканмиз. Якка-ю ёлғиз ўғлимни йўқотиб қўйдим.

Ҳеч кимнинг бошига фарзанд доғини солмасин экан. Айниқса, ўғлингиз ягона бўлса. Ўғлимдан икки қиз қолди. Каттаси Маданият институтида ўқирди. Уни турмушга узатдик. Кичиги эса 11-синфни тамомлади. Қизларимнинг фарзандини ҳам қўшиб ҳисоблаганда жами 8 нафар набирам бор.

Хўжайиним пенсияда. Бошида ўғлим Damas ҳайдашимга қаршилик қилган. Хўжайиним эса тушунган. Уйда ўтира олмайман. Кўчадаги жўшқин ҳаётга ўрганиб қолганман. Ўғлим ўтгандан кейин уйда базўр 3 ой ўтирдим. Кейин эса ўзимни чалғитиш учун кўчага чиқиб кетдим.

Ўғлим ўтгандан кейин барча оғирликлар зиммамизга тушди. Ишлаш керак, қизларни чиқариш керак. Ўзи ёшликдан машина ҳайдашга қизиққанман. Раҳматли укам машина ҳайдашни ўргатган эди. Ундан кейин ўғлим ўргатди.

Йўловчилар кўриб ҳавас қилишганини айтишади. Ҳеч ким ёмон гапирмайди. Шу пайтгача мижозлар билан сен-менга борганим йўқ. Пули қолмаган йўловчилардан пул олмайман. Куч-қувват берса 80 ёшгача Damas минмоқчиман”, – дейди  Меҳрихон Ҳалимова.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид