Ўзбекистон | 18:09 / 25.11.2025
30376
3 дақиқада ўқилади

Экология инспекторига куч ишлатган Бувайда тумани ҳокими ўринбосари ишдан олинди

Бувайда тумани ҳокими ўринбосари Сайиджон Хизиров экология инспекторига зўравонлик қилиши ортидан лавозимидан озод этилди. Ҳоким ўринбосари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши тергови шахсан бош прокурор томонидан назоратга олинган.

Фотоколлаж: Kun.uz

Фарғона вилояти Бувайда тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Сайиджон Хизиров ишдан олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тузилган махсус комиссия Telegram каналида хабар берилди.

Маълум қилинишича, Сайиджон Хизировнинг қонуний фаолият олиб бораётган экология инспекторига қаршилик кўрсатиш ҳолати юзасидан мутасаддилар томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш ишлари натижасида ҳоким ўринбосари лавозимидан озод этилган.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура расмий муносабат билдирди. Унга кўра, ҳоким ўринбосари Сайиджон Хизиров мансабдор шахс бўла туриб, мансаб ваколатидан четга чиққан. У Бувайда тумани Найман маҳалласидан ўтган Найман зовури атрофидаги дарахтлар “Д.С.” МЧЖ ишчиси томонидан кесилаётганлигидан хабар топиб, олдини олиш чораларини кўраётган экология инспекторининг қонуний талабларига фаол қаршилик кўрсатган уни хизмат вазифасидан кечишга мажбур қилган ҳамда ҳодиса жойидан олиб кетиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказган.

Ҳолат юзасидан Сайиджон Хизиров ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 198-моддаси 2-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши тергови шахсан Бош прокурор томонидан назоратга олинган.

Аввалроқ Сайиджон Хизиров дарахт кесилишига қарши чиққан экология инспекторига куч ишлатгани хабар қилинганди: экология инспектори Аҳроржон Ниёзов аҳоли мурожаатига асосан манзилга бориб, ноқонуний дарахт кесиш ҳолатини аниқлаган. Сўнгра дарахтларни кесаётган шахсни тўхтатиб, белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирмоқчи бўлган. Воқеа жойида бўлган Бувайда тумани ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров эса унга жисмоний куч ишлатиб, четроққа судраб кетган.

Маълумот учун, 45 ёшли Сайиджон Хизиров 2022 йилдан Бувайда тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. 2021-2022 йиллар Бувайда тумани ҳокимининг саноат, капитал қурилиш ва коммунал масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.  

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид