Яқиндагина Маурисио Почеттино дунёнинг энг истиқболли мураббийларидан бири ҳисобланар эди. «Тоттенҳэм» билан Чемпионлар Лигаси финалига чиққач, аргентиналикка ҳақиқий топ-клубда ишлаш имконияти берилса, барча совринларни қўлга киритадигандек туюлган эди. Лекин, аслида, Поч «ПСЖ»да ўртамиёна иш қилди ва аламли тарзда ишдан бўшатилди. Парижликлар Кристоф Галтье билан шартнома имзоладилар. Лекин у ҳам катта клубларда ишламаган ва Почеттино йўлини такрорлаши мумкин.

Футболда баъзан маълум бир мураббийни даҳо деб аташади. Шунчаки унга ажойиб таркиб беринг ва у клубни коинотга учиради, чунки ўртача футболчилар билан кўп нарсага эришган. Аммо бундай мантиқ ҳар доим ҳам ишламайди, қуйида шундай мисолларни келтирамиз. Ўртамиёналар билан мувафақиятга эришган, аммо топ-клубларда юксак натижа кўрсата олмаган 10 мураббийни санаб ўтамиз.

Фото: Getty Images

10) Ўнинчи ўрин – Нико Ковач ва унинг «Бавария»даги муваффақиятсизлиги. Нико мураббийлик фаолиятини Хорватия миллий жамоасида бошлади ва «Айнтрахт»да порлади. У 2016 йил баҳорида немис клубига тайинланди, франкфуртликлар ўша пайтда ёмон аҳволда эди. Аммо Ковач жамоани қайтадан йиғди ва соғлом прагматизм билан қувватлантира олди. У Бундеслигада 8-ўринни эгаллади, Германия кубоги-2018 финалида эса «Бавария»ни мағлуб этди. Шундан сўнг, мюнхенликлар уни мураббий сифатида синаб кўришга қарор қилишди.

Хорватиялик мутахассис «Бавария» билан чемпион бўлди ва Кубокни қўлга киритди. Аммо Чемпионлар Лигаси плей-оффининг биринчи босқичидаёқ курашдан чиқиб кетди. Гарчи жамоанинг ўзига хос ҳужум услуби кўринмаса-да ва ҳатто футболчилар ҳам норози бўлса-да, раҳбарият мураббийга иккинчи имкониятни берди.

Мураббий жамоага ҳимоявий ўйинни сингдира бошлади, ваҳоланки «Бавария» ҳар доим ҳужумкор ўйнаган. Иккинчи мавсумда очко йўқотишлар бошланганида, ўйинчилар мураббий атрофида бирлашмади. Шундан сўнг истеъфога чиқарилди. Кейинчалик, «Монако»да ёмон ишламади, ҳозир эса «Вольфсбург»ни бошқармоқда – бу унинг даражаси.

Фото: Reuters

9) Тўққизинчи ўрин – Андре Виллаш-Боаш. У «Челси»да кўп вақт ушланиб қолмади. Мутахассиснинг тақдири Моуриньо фаолиятининг биринчи босқичига жуда ўхшарди – ўттиз ёшли Боаш бор-йўғи бир мавсум ичида евроюлдузга айланди. 2010 йилнинг ёзида у «Порту» бош мураббийи этиб тайинланди ва биринчи мавсумдаёқ нафақат чемпион бўлди, балки Европа Лигасида ҳам ғалаба қозонди. Роман Абрамович бу ютуқлардан таъсирланиб, уни «Челси»га таклиф қилди. Португалиялик ўша пайтда тарихдаги иккинчи энг қиммат мураббийга айланди.