Германия Украинага 100 дона PzH 2000 юборишга рози бўлди. Бу қандай техника?
Германия Украинага сотишга рози бўлган Panzerhaubitze 2000 ўзиюрар артиллерия қурилмаси Украина қуролли кучларининг артиллерия имкониятларини жиддий кучайтиради. Бу ўзиюрар техниканинг юқори хусусиятларидан ташқари 100 доналик партияни эътироф этиш мумкин - бу можаро бошидан буён энг йирик партиялардан бири бўлади.
Шу вақтга қадар Украинага Германия ва Нидерландиядан шундай ўзиюрар қурилмалардан 10 дан ортиғи келтирилганди. Аммо улар шу вақтгача захирадан олиб келинаётганди. Энди эса, матбуотдаги хабарларга кўра, уларни қуриш керак бўлади ва бу бир неча йил вақт олиши мумкин. Бу шартнома фронтдаги вазиятни жиддий ва тез ўзгартира олмайди. Аммо бу қадар кўп замонавий қурол келажакда вазиятни ўзгартирмай қолмайди.
Характеристикасига кўра Panzerhaubitze 2000 - дунёдаги энг яхши ўзиюрар артиллерия тизимларидан бири. У ўқлаш механизми билан жиҳозланган, бу эса ўқ узиш тезлигини дақиқасига 10 тага етказади. Алоҳида режимда у тўққиз сонияда уч бор ўқ узиши мумкин.
52 калибрли Rheinmetall L52 қуролидан ўқ отиш масофаси НАТО стандартидаги 155-миллиметрли снарядда 30 километрдан ортиқни ташкил этади. Аммо махсус ўқ-дори қўлланганида бу масофа жиддий ошиши мумкин.
Panzerhaubitze 2000 америкаликларнинг юқори аниқликда ҳаракатланувчи M982 Excalibur снарядларидан фойдаланиши мумкин. Украинага бундай снарядлар етказиб берилгани ҳақида расмий маълумот йўқ, аммо Пентагон 8 июл куни эълон қилган Украинага етказиладиган қуроллар рўйхатида Киевга 155-миллиметр калибрли юқори аниқликдаги снарядлар етказилиши айтилганди. Кўплаб экспертлар ҳисоблашича, бунда гап айнан M982 ҳақида кетган.
M982 Excalibur снарядлари иккита галма-гал ишловчи навигация тизимларидан - ўт отиш нуқтасидан нишонгача траекторияни ҳисобловчи GPS ва инерцияга асосланган тизимлардан фойдаланади. Инерциал тизим ташқи ахборот манбаларига, масалан, сунъий йўлдош сигналига боғлиқ бўлмайди, у фақат снаряд парвози траекториясини ҳисоблайди.
Бунда снаряд манёвр қилиш ва етиб бориш масофасини 40 километргача оширишга ёрдам берувчи йиғиладиган «қанотлар»дан фойдаланади. Айрим модификациялар эса бундан ҳам узоқроққа отиш имконини беради.
GlobalSecurity.org сайтига кўра, стволи узунлиги 52 калибр бўлган 155-миллиметрли қуролдан фойдаланганда M982 снаряди 47 километр масофадаги нишонгача етиб боради.
Шу билан бирга, пиёдаларга, зирҳли нишонларга ва мустаҳкам бошпаналарга қарши қўллаш учун турли вариантдаги снарядлар ишлаб чиқарилади.
M982 Excalibur’нинг нишондан четга оғиш эҳтимоли беш метрдан ошмайди.
Шу тариқа, бу снаряд HIMARS ва MLRS баравар ўт очиш реактив тизимларидан отиладиган GMLRS ракеталари муқобилига айланади. Унинг кучи ва учиш масофасиз бироз пастроқ, аммо снарядни уриб тушириш ракетани уриб туширишга қараганда анча қийинроқ.
M982 Excalibur Германиянинг PzH 2000 ўзиюрар артиллерия қурилмасида ёки Украинага аллақачон етиб келган америкаликларнинг M109A3GN гаубицаси орқали қўлланиши мумкин. Тўғри, M109A3GN гаубицаси узунлиги атиги 39 калибр ва бу снаряднинг учиш масофасида ҳам акс этади.
M982 Excalibur снарядларидан М777 гаубицасида ҳам фойдаланиш мумкин, аммо интернетда тарқалган суратларга кўра, бу қуролнинг Украинага етказиб берилган модификациясида юқори аниқликдаги снарядларни отиш учун керак бўладиган электрон блоклар мавжуд эмас. Украинага бундай блокларга эга гаубицалар ҳам етказилгани, аммо объективга тушмагани тўғрисида ҳам тасдиқланган маълумотлар йўқ.
Бундай блоклар йўқлиги кўплаб шарҳловчилар украинларнинг М777 гаубицалари юқори аниқликда ҳаракатланувчи ва бошқарилувчи M982 Excalibur типидаги ўқ-дорилардан фойдалана олмаслигини айтишига сабаб бўлганди.
Отиш тезлиги юқорилиги ва замонавий бошқарув тизимлари эвазига Panzerhaubitze 2000 нишон томон бир вақтнинг ўзида бир неча снаряд ёғдириш режимидан самарали фойдаланиши мумкин. Бу режим Multiple Round Simultaneous Impact ёки MRSI деб аталади, Россияда буни ифодалаш учун «олов бўрони» атамасини қўллашади.
Бу режимда қуролдан навбати билан бир неча снаряд отилади, ҳар бир ўт очилишида баландлик бурчаги ўзгартирилади. Бунинг ҳисобига снарядлар нишонга бир вақтнинг ўзида етиб боради. Барча ҳисоб-китоблар EADS MICMOS борт компьютерида амалга оширилади, бу компьютер бутун тизим ишлашини тезлаштиради ва соддалаштиради.
Бундай режимда ўт очиш кўплаб армияларда, жумладан Россияникида ҳам қўлланади.
Panzerhaubitze 2000’нинг ўзига хос камчиликлари бор, энг асосийси - вазни. 56 тонналик ўзиюрар қурилма - ўз тоифасидаги энг оғир қуроллардан бири. Масалан, полшаликларнинг «Краб» ўзиюрар артиллерия қурилмаси оғирлиги (уни ҳам Украина сотиб олмоқда) 48 тоннани ташкил этади, М109 эса - 28 тонна. Т-72 танки 41 тонна тош босади.
Бу унинг ҳаракатига у қадар таъсир кўрсатмайди - немисларнинг ўзиюрар гаубицаси дала майдонлари бўйлаб соатига 40 километрдан ортиқ тезликда йўл босади. Аммо бундай машина жанг майдонида шикастланганида уни тортиб кетишга тўғри келганда вазн муаммога айланиши мумкин. Масалан, Украина қуролли кучлари ихтиёридаги БРЭМ-1 эвакуация машинаси максимум 50 тонналик техникани эвакуация қилишга қодир.
Шунга қарамай, юқори тезликда ҳаракатланиш ўзиюрар гаубицалар учун жуда муҳим хусусиятдир. Батареялар ўзаро фаол жанглари шароитида бундай техника қисқа фурсатда давомли ўт очиб, позициясини ўзгартириши мумкин ва бу қарши жавобдан қочиб қолиш имконини беради.
Украинадаги урушда Россия артиллерия тизимлари сони бўйича катта устунлик қилмоқда, аммо унинг парки асосан эски қурилмалардан иборат. Энг замонавийси - «Мста С». Узун стволли 152-миллиметрли гаубицаларнинг 47 калибрда оддий ўқ-дори билан отиш масофаси 30 километрни ташкил этади.
Россия армиясида (украинларники каби) советлар даврига мансуб узоқ масофага отувчи 203-миллиметрли 2С7 «Пион» ўзиюрар артиллерия қурилмалари, шунингдек унинг такомиллаштирилган варианти 2С7М «Малка» бор. Улар 37 километргача зарба бериши мумкин, аммо уларнинг аниқлиги PzH 2000’никидан паст.
25 июл куни Centre for Information Resilience мустақил таҳлил маркази тадқиқотчиси Бенжамен Питтет сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларга кўра, Россия «Пион»ларни сақловдан чиқараётгани ҳақида хабар берганди, бу қуроллар Россия мудофаа вазирлигининг Омскдаги Бош ракета-артиллерия бошқармасининг 94-арсеналида сақлаб келинаётганди.
Унинг сўзларига кўра, апрел ойидаги тасвирларда 170 дона 2С7 гаубицаларини кўриш мумкин эди, 18 июлга келиб уларнинг сони 110 дона қолган.
Мавзуга оид
00:28
АҚШ Украинани ҳарбий хизматга чақирув ёшини 18 га туширишга чақирмоқда
21:58 / 27.11.2024
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
21:03 / 27.11.2024
Учинчи жаҳон урушидан қўрққан подкастер Жо Роган Зеленскийни сўкди. Унга Кличко ва бошқа украинлар жавоб қайтарди
17:32 / 27.11.2024