Жаҳон | 11:12 / 01.08.2022
20302
1 дақиқада ўқилади

Украинада мамлакатнинг энг бой тадбиркорларидан бири Алексей Вадатурский ҳалок бўлди

Вадатурский 2021 йилда Украинанинг 100 та энг бой одамлари рўйхатида 24-ўринни эгаллаганди.

Фото: Нибулон матбуот хизмати

Украинанинг йирик «Нибулон» аграр компаниясининг эгаси Алексей Вадатурский рафиқаси билан Миколаив шаҳри ўққа тутилиши пайтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Миколаив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Кимга асосланиб, ТАСС хабар бермоқда.

«Тунда шаҳарнинг ўққа тутилиши натижасида Украина қаҳрамони, «Нибулон» компанияси бош директори Алексей Афанасьевич Вадатурский ва унинг рафиқаси Раиса Михайловна Вадатурская фожиали тарзда ҳалок бўлди», — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.

74 ёшли тадбиркорнинг ўлимини Telegram-каналида Украинадаги ҳукмрон «Халқ хизматкори» партияси фракцияси раиси Давид Арахамия тасдиқлади.

«Forbes Украина» журнали маълумотларига кўра, Вадатурский 2021 йилда 430 миллион доллар бойлиги билан мамлакатнинг 100 та энг бой одами рўйхатида 24-ўринни эгаллаган.

Mash Telegram-каналининг хабар беришича, ўлимга С-300 зенит ракета мажмуасининг Вадатурскийлар оиласи уйига тушиши сабаб бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид