Калифорния губернатори маймун чечаги билан боғлиқ вазият туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди
Калифорния АҚШнинг Нью-Йоркдан кейин маймун чечаги туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилган иккинчи штатига айланди. Бу қарор инфекцияга қарши курашни кучайтиришга қаратилган, дея маълум қилди Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом.
Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом маймун чечаги тарқалиши муносабати билан фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди. Қарор хавф гуруҳларини эмлаш ва беморларни даволаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинди, деб ёзди у 1 август, душанба куни кечқурун Twitter’да. Шу тариқа, Калифорния охирги уч кун ичида маймун чечаги туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилган АҚШнинг иккинчи штатига айланди.
Губернаторнинг сўзларига кўра, фавқулодда ҳолат эълон қилиниши касаллик тарқалишига қарши умуммиллий чора-тадбирларни мувофиқлаштиришга, кўпроқ вакциналар ишлаб чиқишга ҳамда даволаш ва эмлаш ҳақида маълумот беришга, инфекция хавфини камайтиришга ёрдам беради.
АҚШнинг аҳоли сони бўйича энг катта штати бўлган Калифорния губернатори томонидан бундай баёнот эълон қилиниши, Нью-Йорк штатининг 30 июль куни, шунингдек, Сан-Франциско маъмуриятининг 28 июлдаги худди шундай қароридан кейин юз берди. Калифорния аллақачон 61 000 дан ортиқ вакцина дозасини олган ва 25 000 дан ортиқ одамни эмлаган.
АҚШ маймун чечаги касаллиги энг кўп қайд этилган мамлакатдир. 23 июль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймун чечаги касаллигини соғлиқни сақлаш соҳаси учун глобал фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Ўша вақтга келиб 75 мамлакатда 16 000 дан ортиқ ҳолатлар ҳақида маълум эди. Касалликнинг юқтириб олиш бўйича аксарият ҳолатлар Европа ва Америкада аниқланди.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу касаллик анъанавий маънода жинсий йўл билан юқадиган инфекция эмас, у ҳар қандай яқин жисмоний алоқа орқали юқиши мумкин. «Бироқ, бизнинг ишимиз шуни кўрсатадики, ҳозирги кунга қадар юқтириш ҳолатларининг аксарияти, биринчи навбатда, эркаклар орасида кўп кузатилмоқда», деди тадқиқот раҳбари Жон Торнҳилл.
Мавзуга оид
00:26 / 27.10.2024
ЖССТ mpox билан касалланиш 22 ой ичида рекорд даражага чиққанини маълум қилди
15:31 / 14.10.2024
Калифорнияда Трамп митингидан олдин милтиқ ва тўппонча билан қуролланган шахс қўлга олинди
23:21 / 05.10.2024
Конгода Mpox оқибатида вафот этганлар сони 1000 кишига яқинлашди
20:35 / 18.09.2024