Осиёда маймун чечагидан биринчи ўлим ҳолати Ҳиндистонда қайд этилди
Керала штати соғлиқни сақлаш вазирининг сўзларига кўра, БААда 22 ёшли йигитга маймун чечаги касаллиги ташхиси қўйилган. Бемор Ҳиндистонга қайтганидан кейин касалхонага ётқизилган, у кўп ўтмай вафот этган.
Осиёда маймун чечаги инфекцияси билан касалланишдан содир бўлган биринчи ўлим ҳолати Ҳиндистонда тасдиқланди. Бу ҳақда 1 август, душанба куни мамлакат жануби-ғарбидаги Керала штати соғлиқни сақлаш вазири Вина Жорж маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 22 ёшли йигитнинг соғлиғида бошқа ҳеч қандай муаммо бўлмаган. У 19 июль куни маймун чечаги учун тест топширган ва у мусбат жавоб билан чиққан, сўнг Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)дан Ҳиндистонга қайтиб келган. Уйга келганидан кейин бироз вақт ўтгач, иситмаси кўтарилган. Шундан сўнг бемор касалхонага ётқизилган ва кейинроқ ўпкани сунъий вентиляцияси қурилмасига уланган.
Йигит 30 июль куни вафот этди. У билан алоқада бўлган шахслар кузатув остида бўлиб турибди.
AFP маълумотларига кўра, Ҳиндистонда маймун чечаги инфекциясининг камида тўртта ҳолати қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, май ойи бошидан бери Африкадан ташқарида 18 000 дан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган, уларнинг аксарияти Европада кузатилган.
Африка қитъасидан ташқарида камида учта ўлим ҳолати касаллик билан боғлиқ: иккитаси Испанияда ва биттаси Бразилияда. Ҳиндистонда қайд этилган ҳолат тўртинчи ва Осиёда биринчисидир.
23 июль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймун чечаги касаллигини соғлиқни сақлаш учун глобал фавқулодда ҳолат (ФҲ) деб эълон қилди. Ўша вақтга келиб 75 мамлакатда 16 000 дан ортиқ ҳолат ҳақида маълумот бор эди. Кўплаб ҳолатлар Европа ва Америкада аниқланди.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу касаллик анъанавий маънода жинсий йўл билан юқадиган инфекция эмас, у ҳар қандай яқин жисмоний алоқа орқали юқиши мумкин. «Бироқ, бизнинг ишимиз шуни кўрсатадики, ҳозирги кунга қадар юқтириш ҳолатларининг аксарияти, биринчи навбатда, эркаклар орасида кўп кузатилмоқда», деди тадқиқот раҳбари Жон Торнҳилл.
Касаллик тарқалишига қарши курашиш учун ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус касаллик тасдиқланган гуруҳлар билан боғланишни, эпидемиологик назорат ва соғлиқни сақлаш чораларини кучайтиришни, касалхоналарда инфекциянинг олдини олиш ишини кенгайтиришни, вакциналар, терапевтик воситалардан фойдаланиш бўйича тадқиқотларни жадаллаштиришни тавсия қилди.
Мавзуга оид
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
01:52 / 07.11.2024
Кашмир Ҳиндистонни махсус автономия мақомини тиклашга чақирувчи резолюцияни қабул қилди
11:56 / 06.11.2024
Инсон матонати: 22 йил давомида тоғни йўниб йўл очган одам
17:51 / 05.11.2024