Ўзбекистон | 19:00 / 02.08.2022
8193
7 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ мутахассислари Швейцариянинг рақамли подстанциялар тажрибасини ўрганиб келишди

Акциядорлик жамиятининг 8 нафар ходимлари Швейцариянинг «Hitachi Energy Switzerland Ltd» институтида рақамли подстанциялар фаолияти йўналишида малака ошириб қайтишди.

Рақамлаштириш дастурлари татбиқ этилган соҳа ва тармоқлар борки, “иш унумдорлиги”, “самарадорлик”, “тараққиёт” ва “янги технологиялар” каби жумлалар билан сифатланадиган ривожланиш кўрсаткичларини кузатишимиз мумкин. Илгари асосан қўл меҳнати ва яриммеханизациялашган ишлаб чиқариш жараёни — бугунги глобаллашув замонидаги рақобатга, сифат талаби-ю тезкорлик кўрсаткичларига дош бера олмайди. Айни пайтда бу жараён энергетика соҳаси, хусусан электр энергетика тармоғида ҳам кузатилмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, рақамлаштириш — босқичли жараён. Унинг натижадорлигига эришиш учун ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнига рақамли дастурларни татбиқ этишнинг ўзи камлик қилади. Рақамли технологиялар — эски техник дастгоҳлардан воз кечиш, иш услубини тубдан ўзгартириш, энг муҳими, малакали кадрлар тайёрлаш билан чамбарчас боғлиқ.

Алқисса, бугунги кундаги тараққиёт кўп жиҳатдан ахборот технологияларининг ривожланиш кўрсаткичларига боғлиқ. ХХI асрда интернет тармоғи жамият ҳаётининг турли соҳаларига кириб келиши билан «электрон ҳукумат», «электрон савдо», «рақамли иқтисодиёт» каби атамалар пайдо бўлди. Ушбу атама илк бор 1995 йилда Массачусетс университети олими Николас Негропонте томонидан тилга олинган.

Буни қарангки, Ўзбекистон энергетика соҳасида, хусусан электр энергетикаси тармоғида бир неча йиллардан буён рақамли технологияларнинг дастлабки ютуқларидан самарали фойдаланилиб келинади. Мисол учун, рақамли технологияларнинг дастлабки унсурлари 1992 йилда 500/220/10 кВли «Тошкент» подстанциясига «ЭКРА» русумли фавқулодда вазиятларни қайд этувчи регистраторларга «ФПМ-1М» типидаги ШЖАҚ — шикастланган жойни аниқловчи қурилмалар ўрнатилган. Айни пайтда эса бундай кичик қурилмалар тармоқли дастурларга айланган. Ҳозирда уларни ҳар томонлама мукаммал, замонавий дастурлар ҳисобига янгилаш, такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги 4699-сонли қарорига асосан «Ўзбекистон МЭТ» АЖда рақамлаштириш бўйича бир нечта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Аниқроғи, Акциядорлик жамиятининг молиявий-иқтисодий фаолият тизими самарадорлигини ошириш, корпоратив бошқарувни оптималлаштириш мақсадида ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш тизими — ERP (Enterprise Resource Planning) дастури, шу билан бирга, диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплекси — SCADA (Supervisory Control And Data Acquisition) дастурини жорий қилиш устида босқичли иш жараёнлари олиб борилмоқда.  

Батафсил:

Айни пайтда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфида 84 та юқори кучланишли подстанция  мавжуд (220–500 кВ кучланишли тармоқлар 11400 кмдан ортиқ). Уларнинг ичида атиги биттаси — 2020 йилда фойдаланишга топширилган “Сирғали” подстанциясини шартли равишда “яримрақамли подстанция” деб аташимиз мумкин. Аммо инвестиция дастурларига биноан эндиликда қуриладиган подстанциялар тўлиқ рақамли дастурлар асосида ишлайдиган бўлади. Бу замон талаби.

  Батафсил:

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «Hitachi Energy Switzerland Ltd» институти ўртасида 2022 йил 12 июнь куни имзоланган шартномага мувофиқ Акциядорлик жамиятининг 8 нафар ходимлари Швейцариянинг «Hitachi Energy Switzerland Ltd» институтида малака ошириб қайтишди. Кўзланган мақсад аниқЭлектр энергетика тармоғини рақамлаштириш жараёнида хориж тажрибасини ўрганиш.

Хизмат сафари давомида рақамли подстанцияларнинг бугунги кундаги аҳамияти ва электр энергетика тармоғидаги иш самараси, уларни эксплуатация қилишдаги ўзига хос қийинчиликлар, потенциал хавф-хатарлар ва бошқаришдаги замонавий дастурий таъминотлар ўрганилди. Институт тренинглар марказидаги симуляция лабораторияларида подстанциядаги жараёнлар виртуал тарзда ҳосил қилинди ва подстанция бошқаруви онлайн режимда амалга оширилди.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ ходимлари Швейцариянинг Баден шаҳридаги «Hitachi Energy Switzerland Ltd» институтининг тренинглар марказида подстанциялар учун куч қурилмалари, реле ҳимояси, автоматика ва алоқа қурилмалари ишлаб чиқарилиши ҳамда мониторинг ва бошқарув учун махсус дастурий таъминотлардан, жумладан LUMADA APM, LUMADA EAM ва LUMADA FSM дастурлари иш фаолияти билан танишишди. Шунингдек, электр энергетикасида рақамли технологияларни жорий қилиш, «рақамли ечимлар», рақамли телекоммуникация тизимлари ва рақамли бошқарув бўйича асосий маълумотлар келтириб ўтилди. Хизмат сафари давомида рақамли подстанциялар архитектураси ўрганилди. Шу билан бирга, рақамли подстанциядаги куч қурилмаларининг бошқаруви махсус лабораторияда симуляция (машқ) қилинди. Шунингдек, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ мутахассислари рақамли подстанциянинг асосий элементи ҳисобланган аналог сигналларни ўзгартирувчи блок — Merging Unit’нинг иш жараёнини ўрганиш ва таҳлил қилишга муяссар бўлишди.

«Hitachi Energy Switzerland Ltd» институти ходимлари ўзбекистонлик мутахассисларини синов ва сертификатлаш лабораториялари, коммуникация ва киберхавфсизлик марказлари фаолияти билан таништирдилар.

Швейцарияда малака ошириб қайтган мутахассислар «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг рақамли дастурлар билан ишлайдиган ходимлари учун хорижда ўрганиб қайтган билим-тажрибалари билан ўртоқлашиш мақсадида тақдимот ва маҳорат дарси ўтиб беришди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ахборот технологиялари, рақамли дастурлар тез суръатларда ривожланаётган бугунги кунда Ўзбекистон энерготизимида рақамли технологиялар, шунингдек, рақамли подстанцияларни жаҳон тажрибасига суянган ҳолда жорий қилиш долзарб вазифа ҳисобланади.

У.П.Урунов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати раҳбари

Хизмат сафари ҳисоботи uzbekistonmet.uz веб-сайтида

Ўзбекча www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/2583

O‘zbekcha www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/2583

Русский www.uzbekistonmet.uz/ru/lists/view/2583

English www.uzbekistonmet.uz/en/lists/view/2583

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

Мавзуга оид