Ўзбекистон | 09:00 / 02.03.2024
8345
3 дақиқада ўқилади

Туркистон шаҳрида Марказий Осиё республикалари ҳамда Россия Федерацияси энергетика тизимлари раҳбарларининг муҳокамалар мажлиси бўлиб ўтди

Фото: Ўзбекистон МЭТ

Жорий йил 29 февраль ва 1 март кунлари Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари ҳамда Россия Федерацияси энергетика тизимлари раҳбарларининг навбатдан ташқари муҳокамалар мажлиси бўлиб ўтди. Муҳокамаларнинг бош мавзуси — Марказий Осиё минтақаси электр тармоқларини ривожлантириш масалалари.

Йиғилишда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов бошчилигидаги делегация аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Миллий диспетчерлик маркази” давлат унитар корхонаси вакиллари ҳамда бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашган “Энергия” мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази халқаро ташкилотининг мутахассислари иштирок этишди.

Халқаро миқёсдаги тадбирда Д.А.Исақуловнинг “Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тизимини узоқ муддатли ва барқарор ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар” номли маърузаси ҳамда “Энергия” мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Ҳ.А.Шамсиевнинг “Марказий Осиё энергия тизимининг барқарорлиги ҳақида асосий тушунчалар” номли маърузалари тингланди. Шунингдек, бошқа иштирокчи давлатлар ҳам ўз электр энергетика тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ахборот беришди.

Тадбир давомида минтақа электр энергетика таъминоти тизимида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, якунланган 2023/2024 йил куз-қиш мавсумидаги ишчи ҳолатлар, 2024 йил вегетация (мелиорация) даврида гидроиншоотлар орқали сув ресурсларни оқилона бошқариш, 2024 йил ёз мавзумига тайёргарлик, бундан ташқари, 2024/2025 йил куз-қиш мавсумигача минтақа электр энергетика тизимида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан истиқболли режалар ҳамда муҳим келишувларга эришилди.

Йиғилишда, шунингдек, халқаро ва миллий диспетчерлик марказларининг иш фаолиятини ривожлантириш, каскадли ўчишларнинг олдини олиш, магистрал электр тармоқларини ривожлантириш ҳамда ўзаро ҳамкорлик масалалари хусусида сўз юритилди. Иштирокчилар энергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва соҳани рақамлаштириш масалаларига эътибор қаратдилар.

Тадбир доирасида “КEГОC” компанияси бошқаруви раиси Наби Эркинович Айтжанов “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Айнақулович Исақуловни Қозоғистон электр энергетика ассоциациясининг “Хизмат кўрсатган энергетик” кўкрак нишони билан тақдирлади. 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Мавзуга оид