Ўзбекистон | 14:38 / 04.08.2022
6564
2 дақиқада ўқилади

Владимир Норов Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби билан учрашди 

2022 йил 4 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Наиф ал-Ҳажраф билан учрашди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Учрашувда 2021 йилда имзоланган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котибияти ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар механизми бўйича англашув меморандуми доирасидаги келишувларни амалга ошириб бориши кўриб чиқилди.

Бўлажак тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди. Икки минтақа ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» стратегик мулоқоти жорий йилдаги биринчи йиғилишига тайёргарлик кўришга эътибор қаратилди.

Халқаро ва минтақавий долзарб масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди. Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция якунларини ижобий баҳолади. Ўзбекистон томонидан ушбу мамлакатга ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар муҳимлиги қайд этилди.

Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши – Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон ва Саудия Арабистони аъзолари бўлган минтақавий ташкилот ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид