Фаррух Рафиқов жамоаси 2022 йилнинг ёзги мавсуми тўртинчи ўйинида иштирок этди. Жамоа мавсумда қатнашаётган энг тажрибалиларидан бири бўлса ҳам финалга чиқишда ҳар сафар омад етишмай қоляпти. Жамоа бу мавсумда финалга чиқиш учун камида 6:4 ҳисобида ғалаба қозониши керак бўлади.
1-раундда Баҳовуддин Нақшбанд Ҳаж сафарига кетишда нега шогирдларига йигирмата товоқ олишни буюргани ҳақида савол ўйналди. Жамоа муҳокама давомида тўғри йўналиш олган бўлса-да, бироқ тўғри жавобга етиб бора олмади. Ҳисоб – 0:1.
2-раундда кўчманчи халқлар ишлатадиган жиҳоз ҳақида савол ўйналди. Бу раундда Умархон Шариф тўғри вариантни айтган бўлса-да, жамоани ўз фикрига ишонтира олмади. Натижада бу раунд ҳам қўлдан бой берилди. Ҳисоб – 0:2.
3-раунд саволи “Уч мушкетёр” романида мушкетёрларнинг жангга тайёргарлик кўриши ҳақида бўлди. Бу савол жамоага бироз қийинлик қилди. Шунга кўра, муҳокама вақтида умуман тўғри вариант бўлмади. Ҳисоб йирик кўриниш олди – 0:3.
Навбатдаги раунд саволи Lego ўйинчоқларидан ясалган турли асарларга ўхшатмалар ҳақида бўлди. Блицнинг биринчи ва иккинчи саволини осонлик билан топган жамоа 3-саволга келиб қийналиб қолди. Шу сабабли, блицнинг 3-саволига клуб ёрдами олинди. Ёрдам ўз вақтида олинди ва билимдонлар ўзларининг илк очколарини қўлга киритди. Ҳисоб – 1:3.
5-раундда бекободликлар ёқтирмайдиган ва Таиландда кўплаб автоҳалокатларга сабаб бўлган нарса сандиқчада олиб чиқилди ва унинг нималигини топиш сўралди. Муҳокамани тўғри йўналишда олиб борган жамоа якунда саволга ҳам тўғри жавоб бера олди. Ҳисоб эса қисқарди – 2:3.
Кейинги раундда ҳарбий мақсадда ишлатиладиган УАЗ-469 автомобили ҳақида савол ўйналди. Ўйиндаги қийин саволлардан яна бири бу сафар ҳам телетомошабинларга очко келтирди. Ҳисоб – 2:4.
7-раунд саволи билимдонларга қулай келди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси чоп этилишидаги муаммо ҳақидаги савол жамоага навбатдаги очкони олиб келди. Ҳисоб яна қисқарди – 3:4.
8-раундда Амир Темур даврида Самарқанддаги Кўксарой қалъаси нега қаттиқ қўриқлангани ҳақида савол ўйналди. Ушбу савол ҳам анчагина оғир вазнли бўлиб чиқди ва билимдонлар тўғри вариантга етиб бора олмади. Ҳисоб – 3:5.
Энди жамоа фақатгина бор-барака ўйинида ютиб финалга йўл олиши мумкин. Финалга чиқиш вазифаси янада оғирлашди.
Кейинги раунд саволи норвег ёзувчиси Ю Несбё асаридаги бир қўрқинчли жараёнга берилган таъриф ҳақида бўлди. “Заковат”нинг энг тажрибали билимдонларидан бири Саидкамол Абдураззоқов мазкур саволда яхши ўйин кўрсатиб, жамоага муҳим очкони келтирди. Ҳисоб – 4:5.
Бор-барака ўйинида қатнаша олиш учун жамоа яна бир саволга тўғри жавоб бериши лозим.
10-раунд саволи Туркиядаги олимлар тайёрлайдиган Андарун мактаби ҳақида бўлди. Афсуски, билимдонларда тўғри вариант бўлмади ва ушбу савол ўйиндаги охиргиси бўлиб қолди. Ҳисоб – 4:6.
Аламли мағлубиятга учраган жамоа финал йўлланмасини қўлдан бой бериш билан бирга ўзининг кузги мавсумдаги иштирокини ҳам сўроқ остида қолдирди.
Ёзги мавсумда қатнашмаган фақат Аббос Салайдинов жамоаси қолди. Ушбу жамоа ўйинидан кейин мавсум финалида ким қатнашиши аниқ бўлади.
Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.
Бошловчи: Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд Ҳаж сафарига кетишда ўзлари билан йигирмата товоқ олишни шогирдларига буюрадилар. Шогирдлар "нега?" деб сўрашганида, ҳазрат "йўлда биласизлар" деган жавобни қиладилар.
Диққат савол: Йўлда йигирмата товоқ нима ишда керак бўлган?
Жавобни Саидкамол Абдураззоқов беради: Бизнинг фикримизча, йўл узоқ, тунда намликни йиғиш баҳонасида шу товоқларга сув йиғишган деб ўйлаяпмиз. Ҳаво нам вақтида ва ўсимликларнинг олдига қўйиб қўйишган.
Тўғри жавоб: Йўлда сувга эҳтиёж пайдо бўлганда қудуқ қазиб сув чиқариш зарур бўлади. Сувни захира қилиб яна йўлга тушилади. Карвон ичида доим бир нечта қудуқ қазувчилар бўлган. Сув захираси тугаётганда улар бу ишни амалга оширишган. Сувни топиш учун товоқлар ҳар жойга оғзини ерга қаратиб кўмиб чиқилади. Қаерда сув тўпланса, яъни товоқнинг ости нам бўлиб қолса, айнан шу ерда сув борлигини билишган ва қудуқ қазишган.
Бошловчи: Дюманинг "Уч мушкетёр" романида мушкетёрларнинг жангга тайёргарлик кўриши ҳақида ёзилган. Уларни икки хил ҳолатда ўргатишар экан. Биринчи ҳолатда қиличдан бўш турган қўл жангчининг орқасида туради.
Иккинчи ҳолат бор. Иккинчи ҳолатда қиличдан холи қўл ёнга кўтарилган бўлади.
Бу усулнинг ҳам ўз сабаби бор.
Диққат савол: Қандай сабаб туфайли мушкетёрлар ушбу ҳолатда жанг қилишган?
Жавобни Равшан Исмоилов беради: Биринчи ҳолатда ерда турган ҳолда жанг қилиш, иккинчи ҳолатда от устида жанг қилиш учун.
Тўғри жавоб: Улар кундузи жанг қилганда биринчи ҳолатда туришади. Иккинчи ҳолатда эса қоронғида жанг қилишга тўғри келганда, бўш қўлда чироқ ушлаб туришади.
Бошловчи: Марҳамат, "Заковат сандиқчаси" олиб чиқилсин.
Кўпчилик сандиқчадагини урфдан қолган, деб ўйлайди. У урфда бўлганми, бўлмаганми бекободликлар Уни ёқтиришмайди. Таиландда дастлабки автомобиллар қатнови бошланганда У туфайли кўп автоҳалокатлар рўй бергани айтилади.
Диққат савол: Унинг нималигини ва сандиқчада нима борлигини топинг.
Жавобни Фаррух Рафиқов беради: Бекободда Қўқон сингари шамоллар кўп бўлади. Улар ёқтирмайдиган нарса шамолга ўхшаш нарсадир. Кўп автоҳалокатларга сабаб бўлган нарса бирор бир бош кийим бўлиши мумкин. Сандиқча ичида бош кийим, шляпа бор.
Тўғри жавоб: У шамолни ёқтирмайди, тез-тез қўзғалиб туради, учиб кетади. Таиландда автомобил ҳайдовчилар уни бошларидан ечиб ҳайдашгандан кейин ҳалокатлар камайган. Сандиқча ичида шляпа бор эди.
Ҳисоб: 2 - 3
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Сиз экранда кўриб турган машина модели УАЗ 469. Унинг ички кўриниши берилмоқда. Кўриб турганингиздек, бу машинанинг негадир иккита рули бор. Чап томондагиси автомобилни бошқариш учун бўлса, иккинчи рулнинг бошқа вазифаси бўлган.
Диққат савол: Айтинг-чи, ўнг томонда ким ўтирган?
Жавобни Шавкат Улуғов беради: Бу автомобилни ерда ҳам, сувда ҳам ҳаракатланадиган автомобил деб ўйладик. Ўнг томонида ўтирадиган инсон сувга тушганда уни бошқаради.
Тўғри жавоб: Дастлаб машина ҳарбийлар учун ишлаб чиқарилган. Автомобил олд қисмида мина изловчи мослама бор. Иккинчи рулни сапёр бошқаради. Минанинг жаранги эшитилиши билан у автомобилни тўхтатади. Кейин сапёрлар келиб уни тозалашади.
Бошловчи: Турклар миллат билимли инсонлар қўлида эканлигини бир неча асрлар аввал билишган. Иқтидорли болаларни ахтариб, мактабларга жалб қила бошлашган. Олимлар тайёрлайдиган Андарун мактаб ўқитувчилари шаҳар қишлоқлар бўйлаб қобилиятли болаларни ахтаришар эди. Болани имтиҳон қилишгач, маъқул келса, сочини таги билан олиб ташлашган.
Диққат савол: Бу ишни нима мақсадда қилишган?
Жавобни Равшан Исмоилов беради: Имтиҳон қилгандан сўнг, ўзларига маъқул бўлган инсонга, буни имтиҳон қилиб бўлдик деган мақсадда белги сифатида қўйиб кетишган.
Тўғри жавоб: Олимлар тайёрлайдиган Андарун мактаблари бир умр илмга ўзини бағишлайдиган мактаб. Ёш болалар ўйинқароқ бўлишади. Танасини тиббий кўрикдан ўтказиб, сочини олиб ташлаб, бошини ҳам текширишган. Бирор жойида ёриқ, қашқа йўқми, деб текширишган. Боши зарба еган бўлса, ундай болалар илм ишига ярамайди деб ҳисоблашган ва уни олишмаган.