Жаҳон | 19:48 / 05.08.2022
16492
2 дақиқада ўқилади

Путин ва Эрдўған Сочида музокара ўтказди

Туркия президенти икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очилишига ишонч билдирди. 

Фото: Anadolu Agency

Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған Сочида музокара ўтказди.

Учрашув аввалида Россия раҳбари "Турк оқими" газ қувурини Европани Россия гази билан таъминлашнинг муҳим артерияларидан бири деб атади ва минтақадаги мамлакатлар бунинг учун Анқарага миннатдорлик билдириши кераклигини айтди.

"Турк оқими" бошқа барча йўналишлардан фарқли равишда тўхтовсиз, ҳеч қандай узилишларсиз ишлаяпти", — деди Путин.

Бундан ташқари, Путин Украинадан ғалла олиб чиқиш масаласини ҳал қилгани учун Эрдўғанга миннатдорлик билдирди. 

Ўз навбатида, Туркия президенти икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очилишига ишонч билдирди.

"Музокараларимиз икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очишига ишонаман. Бунга энергетик ҳамкорлик, ғалла экспорти, туризм, минтақавий масалаларни киритаман", - деди у. 

Учрашув Сочидаги "Русь" санаторийси ҳудудида бўлиб ўтди. Икки мамлакат раҳбарлари Россия-Туркия ҳамкорлиги, Сурия ва бошқа масалаларни муҳокама қилди. 

Мавзуга оид