Иқтисодиёт | 13:23 / 05.08.2022
28689
2 дақиқада ўқилади

“Солиқ текширувларида солиқчиларнинг ваколатларини қисқартириш устида ишлаяпмиз” - Шерзод Қудбиев

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев солиқ маъмурчилигидаги кейинги режалар ҳақида гапирди. “Тадбиркорларимизга яхши хушхабарлар бўлади”, - деди у.

Фото: Kun.uz

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев M-Faktor’га берган интервьюсида яқин кунларда солиқ маъмурчилигида қандай ўзгаришлар бўлиши ва Қўмита қандай масалалар устида ишлаётгани ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, Қўмита текширишларда солиқ органлари ходимларининг ваколатлари ва текшириш муддатларини қисқартириш таклифларини кўриб чиқмоқда.

“Тадбиркорларимиз, бутун халқимиз кўради, маъмурчилик ва солиқ нуқтайи назаридан жуда катта ўзгаришлар олдимизда турибди. Тадбиркорларимизга янгиликлар ва яхши хушхабарларимиз бўлади. Солиқ органларининг вазифаси кўпаймоқда. Ҳозир уларнинг вазифасини айтиш тўғри келмаса керак. Лекин ҳозир текширишларда солиқ органлари ходимларининг ваколатлари ва текшириш муддатларини қисқартириш таклифларини кўряпмиз”, - деди у.

ДСҚ раисининг айтишича, асосий кутилаётган нарсалардан яна бири рақамлаштириш давом эттирилишидир.

“Иккинчи катта масала: бозорда тенг муҳитни яратиш нуқтайи назаридан ишимизни фаоллаштиришимиз керак. Кўп тадбиркорлар норози бундан, лекин аксар тадбиркорлар тенг муҳит тарафдори. Биз солиқдан қочиш ҳисобига ҳеч ким устунликка эга бўлмаслиги жиҳатидан ишимизни давом эттирамиз. Бозордаги рақобат муҳитини барчага тенг қилиш жиҳатидан ишимизни жадаллаштиришимиз керак”, - таъкидлади у.

Қудбиев имтиёзларни қисқартириш бўйича ишланаётгани, индивидуал характерга эга бўлган имтиёзларни қисқартириш бўйича топшириқ ҳам борлигини айтди. Қўмита бу бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширмоқда.

Аввалроқ, Солиқ кодексидан ташқаридаги қоидалар асосида 6 ойда 2,1 трлн сўм солиқ имтиёзи берилгани маълум қилинганди.

2021 йилда индивидуал хусусиятга эга бўлган 15 та ҳужжат бўйича жами 316,2 млрд сўмлик, 2022 йил дастлабки 6 ойи давомида эса 10 та ҳужжат бўйича жами 144,8 млрд сўмлик солиқ имтиёзи қўлланилган.

Мавзуга оид