"Хоразм ҳудудий электр тармоқлари" АЖ: Куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилмоқда
Қиш ғамини ёзда кўр, дейди доно халқимиз. Шу маънода, бошқа коммунал соҳалар қатори, электр энергетикаси тизимида ҳам куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, юзага келиши мумкин бўлган аварияли ҳолатларининг олдини олиш, энг муҳими, истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилади. Баҳор ойлари бошланиши билан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан айни йўналишда ҳудудлар кесимида тегишли режа-жадваллар ишлаб чиқилиб, реконструкция ва модернизация ишлари бошлаб юборилади.
Жорий 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсуми кўнгилдагидек ўтишига "Хоразм ҳудудий электр тармоқлари"АЖ томонидан ҳам айни кунларда пухта тараддуд кўрилмоқда.
Маълумки, жамият тасарруфидаги 61 дона 35-110 кВли подстанция, 12 968,8 км 0,4-110 кВли электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 938 дона 10/0,4 ва 6/0,4 кВли трансформатор пунктлари орқали вилоят истеъмолчиларига электр энергияси етказиб берилади.
Мавжуд қувватларни қайта таъмирлаш мақсадида жамият томонида қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Жумладан, 110/35/6 кВли “Урганч” подстанциясидаги эски ячейкалар янгисига алмаштирилди. Шунингдек, Қўшкўпир туманидаги , 110/35/10 кВли “Қўшкўпир” подстанцияси, Хива шаҳрида жойлашган 110/10 кВли “Гиламчи” подстанцияси, Урганч шаҳрида жойлашган 110/35/6 кВли “Жанубий” подстанцияси, Янгиариқ туманида жойлашган 110/35/10 кВли “Янгиариқ” ҳамда 35/10кВлик “Катта боғ” подстанциясиларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, кўплаб истеъмолчиларга янада сифатли электр энергияси етказиб берилишини кафолатлайди. Қолаверса, шу орқали маиший истеъмолчиларга қулайликлар яратилмоқда.
Паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш Дастурига асосан, жорий йилда 467,9 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари, 132 дона трансформатор пункти ва турли қувватдаги подстанциялар қуриш ишлари белгиланган бўлиб, шу кунга қадар 248,9 км узунликда электр узатиш тармоқлари ва 30 дона трансформатор пункти қурилиб, 1508 дона замонавий темир-бетон таянчлар ўрнатилди.
Бундан ташқари, 2022-2023 йил куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига барқарор электр энергияси етказиб бериш мақсадида, 2 дона 35-110 кВ кучланишли куч трансформаторлари, 1014,5 км узунликда 0,4-110 кВли электр узатиш тармоқлари, 377 дона 6-10/0,4 кВ кучланишли трансформатор пунктлари мукаммал таъмирдан чиқарилди.
Куз-қиш мавсумида авария ҳолатларини тезкорлик билан бартараф қилиш мақсадида 42 та авария бригадаси ташкил қилиниб, уларга 60 та бригада қўшимча сифатида бириктирилди. Шулар билан бирга, 76 та махсус автомашина (автокран, экскаватор, устун ташувчи, ер қазувчи ва ҳ.к.) мавсумга тайёрлаб қўйилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, юқоридаги бажарилган янги қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари натижасида 210 та маҳалладаги 47 599 та аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектлари истеъмолчиларига етказиб берилаётган электр энергияси сифати янада яхшиланди.
"Хоразм ҲЭТК" АЖ Матбуот хизмати Ⓣ