Жаҳон | 08:08 / 09.08.2022
3908
2 дақиқада ўқилади

ЕИнинг газ истеъмолини камайтириш бўйича фавқулодда режаси кучга кирди

ЕИда газни тежаш режаси кучга кирди. Европа Россиядан етказиб бериш тўхтатилган тақдирда ўзини шундай ҳимоя қилмоқчи.

Фото: Picture Alliance

Евроиттифоқнинг табиий газ истеъмолини камайтириш бўйича фавқулодда режаси 9 август, сешанба куни кучга кирди. Унда ЕИнинг барча мамлакатлари август ойи бошидан келаси йил мартигача газ истеъмолини ихтиёрий равишда ушбу даврдаги сўнгги беш йилда ўртача истеъмолга нисбатан 15 фоизга камайтириши назарда тутилади. Бундай чоранинг мақсади Россиядан газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган хатарларни камайтиришдир. Россиянинг Украинага қарши уруши фонида «Газпром» аллақачон бу хомашёни Европа мамлакатларига етказиб бериш ҳажмини кескин камайтирган.

Еврокомиссияга кўра, ЕИ давлатлари жами 45 млрд кубометр газни тежаши керак. Германия 15 фоизлик мақсадни амалга ошириш учун газ истеъмолини тахминан 10 млрд кубометрга қисқартириши керак.

Агар кенг кўламли таъминот тақчиллиги шароитида етарли даражада тежаш имкони бўлмаса, кейинги қадам Евроиттифоқ бўйлаб огоҳлантиришни ошириш ва газ истеъмолини камайтириш учун мажбурий мақсадларни қўйиш бўлиши мумкин. Бу қадам ЕИнинг камида 15 мамлакати розилигини талаб қилади, улар эса бутун Евроиттифоқ аҳолисининг камида 65 фоизини ташкил қилади. 

Шу билан бирга, Испания ва Италия каби баъзи ЕИ давлатлари газни тежаш режаси юзасидан айрим енгилликларга эга бўлди ва истеъмолни 15 фоиздан камроқ қисқартириш ниятида. Фавқулодда вазият режаси бир йил давомида амал қилади. 

Мавзуга оид