Россия илгари Украинанинг НАТОга қўшилишига қарши чиқиб келган бўлса, ҳозир бу позиция Европа Иттифоқига нисбатан ҳам кенгаймоқда. Дмитрий Медведев томонидан билдирилган фикрлар бу йўналишдаги қарашлар очиқроқ айтила бошлаганини кўрсатади. Шу тариқа, Украина масаласида Россиянинг муносабати фақат ҳарбий иттифоқлар билан чекланмай, унинг Европа билан интеграциясининг бошқа шаклларини ҳам қамраб олаётгани кузатилмоқда.
Мавзу муҳокамаси – Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида.
Россия нима учун илгари ўзи рози бўлган, тоқат қилган Европа Иттифоқи кенгашини энди хавф сифатида кўряпти?
Анвар Йўлдошев: Авваллари Европа Иттифоқи аниқ иқтисодий ташкилот сифатида қабул қилинар эди. Россия ҳам унга асосан иқтисодий тузилма сифатида қарар, шу сабабли унинг кенгайишига кескин қарши чиқмас эди. Бироқ ҳозир вазият ўзгарган. Европа Иттифоқи тобора ҳарбийлашиб бормоқда ва айрим жиҳатлари билан НАТО кўринишига яқинлашмоқда.
Аъзо давлатларнинг ҳарбий харажатлари ошиб, мудофаа соҳаси кучайтирилмоқда. Шу фонда, агар Украина ҳам Европа Иттифоқига қўшилса, у иттифоқ ичида энг катта ҳарбий тажрибага эга давлатлардан бирига айланиши мумкин. Бу ҳолат Россия манфаатларига зид. Чунки у нафақат НАТО, балки Европа Иттифоқининг ҳам ҳарбийлашувини хавф сифатида кўрмоқда. Шу сабабли Москва эндиликда Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишига ҳам кескин қарши чиқмоқда.
Шунингдек, бу жараёнда ички сиёсий омиллар ҳам бор. Масалан, Венгрияда Виктор Орбан, Словакияда Роберт Фитсо каби етакчилар Украинага нисбатан эҳтиёткор ёки салбий позицияда турибди. Бу эса Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши ва унга ажратиладиган молиявий ёрдам масаласини мураккаблаштирмоқда.
Олдин Россия Европа Иттифоқига аъзо бўлиш масаласида нисбатан бетараф эди. Аммо бугунги кунда иттифоқнинг ҳарбийлашуви ва риторикасининг ўзгариши бу позицияни тубдан ўзгартирди.
Агар келажакда АҚШ НАТОдаги ролини камайтирса ёки ундан чиқса, Европа давлатлари ўзининг алоҳида ҳарбий тизимини яратишга мажбур бўлиши мумкин. Бу эса Европа Иттифоқининг нафақат иқтисодий, балки ҳарбий ташкилотга айланишига олиб келади. Бундай сценарий эса Россия учун янада катта хавф сифатида баҳоланмоқда.
Камолиддин Раббимов: Бу масалада бир нечта муҳим нуқталар бор. Биринчидан, Дмитрий Медведев ҳозирча Россиянинг расмий давлат позициясини эмас, кўпроқ шахсий фикрини билдирмоқда. Агар бу баёнотни Владимир Путин ёки бошқа юқори мартабали расмий айтганида, уни давлатнинг аниқ позицияси сифатида қабул қилган бўлардик.
















