«Бу тасодиф эмас». Ўзбекистондаги шахмат мактаби натижа кўрсатишда давом этмоқда
Нодирбек Абдусатторов суперюлдуз, Каруана муваффақиятсизликка учради, Норвегия Карлсен билан 59-ўринда.
Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида якунланган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ғолиб чиқди.
Турнирнинг 11 турида Нодирбек Абдусатторов ва унинг шериклари 19 очко (8 ғалаба ва 3 дуранг) жамғаришди. Арманистон терма жамоаси ҳам худди шундай кўрсаткичга эга бўлди, аммо ўзаро ўйиндаги ғалаба туфайли олтин медаллар FIDE талқини бўйича жаҳон чемпиони Рустам Қосимжоновнинг ватанига йўл олди.
Фаворитлар омадсизлиги
Қайд этиш жоизки, 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси иштирокчилари таркиби тарихдаги энг заифи бўлди. Россия ва Беларус терма жамоалари сиёсий сабабларга кўра мусобақадан четлаштирилди, Хитой эса (аввалги олимпиада чемпиони) коронавирус билан боғлиқ чекловлар туфайли Ҳиндистонга бормади.
Шу тариқа, томошабинлар шахмат бўйича жаҳон тожи учун баҳс олиб борадиган россиялик Ян Непомняшчий ва хитойлик Дин Лижэнни турнирда кўришмади.
FIDE раҳбари сайловига тайёргарлик кўраётган Виши Ананд Ҳиндистон терма жамоасида ўйнамади. Озарбойжон коронавирус билан касалланган Теймур Ражабовни, Франция жамоаси Максим Вашье-Лаграв ва Ҳиндистонга учишдан бош тортган Алиризо Фирузжони йўқотди.
Бундай шароитда АҚШ термаси фаворит ҳисобланарди, унинг таркибида кучли ўнталикка кирувчи 3 нафар шахматчи: Фабиано Каруана, Левон Аронян, Уэсли Со, шунингдек тажрибали Лейнер Домингес бор эди. Ҳатто ўз терма жамоасида ўйнашга қарор қилган жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ҳам Норвегия терма жамоаси америкаликлар билан рақобатлаша олмаслигини айтди.
Амалда тескариси бўлиб чиқди. Америкаликлар турнирнинг биринчи қисмини зўр ўтказишди ва 7 та ўйинда 5 марта ғалаба қозонишди.
Тўртинчи турда биринчи тахтада ўйнаган Каруана ўзбекистонлик 17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторовга имкониятни бой бериб қўйди ва шу боис баҳс дуранг (2:2) билан якунланди. Еттинчи турда Каруана Арманистон терма жамоаси фахрийси Габриэл Саркисянга ютқазди. Бироқ, Домингеснинг ажойиб ўйини туфайли дуранг (2:2) сақлаб қолинди.
Кейин америкаликлар Ҳиндистон-2 терма жамоасига ютқазишди (Каруана яна мағлуб бўлди). Сўнгги турда эса турнир мезбонларининг биринчи жамоасини мағлуб эта олишмади. Натижада, фақат бешинчи ўрин.
«Жамоада бир неча ўйинчилар яхши формада бўлмаса, турнирда ғалаба қозониш жуда қийин», - деб тушунтирди Домингес.
Каруанадан ташқари, Аронян ҳам ўзининг энг яхши фазилатларини кўрсата олмади. Левон асосий рақибларга қарши ўйинларда бирор марта ғалаба қозона олмади. Арманистон терма жамоаси билан ўйинда у тахтадаги ўрнини Сэм Шенклендга топширди, кейин эса Греция вакили Николас Теодорга ютқазди.
Карлсен жамоаси 50 таликка кира олмади
Норвегия жамоаси атиги 59-ўринни эгаллади. Карлсен ва шериклари Италия, Австралия, Молдова ҳамда Чехияга ютқазди. 16-жаҳон чемпиони 11 турдан 9 тасида (6 ғалаба ва 3 дуранг) иштирок этди, бироқ унинг шериклари жуда ёмон ўйнади. Масалан, иккинчи тахтада ўйнаган Арьян Тари (2672) мусобақани атиги +1 балл билан якунлади, гарчи баъзи рақиблари орасида рейтинги 2400 га етмаган шахматчилар бўлса-да.
Ўзбекистон ва Арманистон ғолиблик учун кураш олиб боришди. Тўққизинчи турда жамоалар турнир жадвалидаги бир хил кўрсаткичлар билан ўзаро тўқнаш келишди. Дастлабки икки тахтадаги ўйинларда ғолиб аниқланмади. Жавоҳир Синдаров ва Жаҳонгир Воҳидов мос равишда Самвел Тер-Сахакян ва Роберт Ованнисянни мағлуб этишди.
Қолган икки турда Арманистон терма жамоаси Озарбойжон ва Испанияни енгишга муваффақ бўлди. Аммо ўзбекистонликлар ҳам имкониятни бой бермасдан, Ҳиндистон-2 билан дуранг ўйнаб, Нидерландияни мағлуб этишди.
Биринчи тахтада ўйнаган Нодирбек Абдусатторов турнирни жуда ажойиб +6 балл билан якунлади. Бироқ, буни сенсация деб бўлмайди. Нодирбек аллақачон жаҳон шахматининг юлдузи. Ўтган йилнинг декабрида у рапид бўйича энг ёш жаҳон чемпиони бўлганди. 17 ёшли гроссмейстер Карлсен, Каруана, Аронян ва Борис Гельфанддан устун келиб, финалда Ян Непомняшчийни мағлуб этганди.
Нодирбек дунёнинг энг яхши шахмат мураббийларидан бири Рустам Қосимжонов туфайли янги тезланишни олган ўзбек шахмат мактаби анъаналарини давом эттирмоқда. FIDE талқини бўйича жаҳон чемпиони терма жамоага олимпиадага тайёрланишда ёрдам берди.
«Қосимжонов – дунёдаги энг яхши мураббийлардан бири, у катта тажрибага эга», - дейди Непомняшчийнинг устози Владимир Поткин. - У Виши Ананд, Фабиано Каруана ва бошқа кўплаб машҳур гроссмейстерлар билан ишлаган. Унинг ўзи ҳам жаҳон чемпиони бўлган (FIDE талқинига кўра). Албатта, бундай инсон ўз тажрибасини ёшларга берса, натижа бўлади. Ҳозир Ўзбекистонда ёш истеъдодлар кўп. Демак, терма жамоанинг Ченнай олимпиадаси ва Нодирбекнинг Варшавадаги жаҳон чемпионатида қозонган муваффақияти тасодиф эмас».
Арманистон жамоасининг иккинчи ўринни эгаллаши ҳам катта муваффақият. Кўп йиллик етакчиси Аронянни йўқотиб қўйган жамоа ажойиб савия намойиш этди. Биринчи тахтада Левон ўрнини эгаллаган Саркисян мусобақани +3 натижа билан якунлади. У Каруана, Пентал Харикришна, Мамедяров ва Шировни мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Учинчи ўрин Ҳиндистон-2 терма жамоасига насиб қилди.
Мавзуга оид
20:43 / 22.09.2024
Шахмат олимпиадаси. Ўзбекистон эркаклар жамоаси бронза медалларни қўлга киритди
09:30 / 12.05.2024
Нодирбек Абдусатторов Магнус Карлсенни яна мағлуб этди
07:22 / 04.05.2024
Саида Мирзиёева Нодирбек Абдусатторовни TePe Sigeman турниридаги ғалабаси билан табриклади
21:53 / 03.05.2024