20:52 / 10.08.2022
4633

Марина Овсянниковага армия ҳақидаги «фейклар» иши бўйича айблов қўйилди

«Биринчи канал» собиқ ходими Марина Овсянникованинг уйи тинтув қилинди. Чоршанба куни унга Россия армияси ҳақида «фейклар» тарқатганлик айблови қўйилди, деб хабар берди адвокати.

Фото: AFP

«Биринчи канал» собиқ ходими Марина Овсянниковага РФ ЖКнинг 207.3-моддаси 2-қисми «д» банди (РФ қуролли кучларидан фойдаланиш тўғрисида қасддан ёлғон маълумотни оммавий равишда тарқатиш) бўйича айблов қўйилди. Овсянникованинг адвокати Дмитрий Захватов 10 август, чоршанба куни ўз Telegram-каналида маълум қилишича, унинг мижози бугун тунни вақтинча сақлаш ҳибсхонада ўтказган. «Эҳтиёт чораси масаласи ҳамон очиқ. Марина Владимировна айбланувчи сифатида сўроқ қилинмоқда», - деди адвокат.

Аввалроқ Москва полицияси «Биринчи канал» собиқ ходими Марина Овсянникованинг уйида тинтув ўтказди. Бу ҳақда у «ОВД-Инфо» нашрига хабар берди. Юридик ёрдам кўрсатиш учун унинг олдига «ОВД-Инфо» адвокати Дмитрий Захватов етиб борди. Захватовнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унинг келишини кутишдан бош тортган ва Овсянникованинг «уйига бостириб кирган». 

15 июль куни Овсянникова Кремль олдида урушга қарши пикетга чиқиб, «Путин – қотил» деб ёзилган баннерни кўтариб олди. Софийская соҳилбўйида ўтказилган тадбирда у қўлга олинмаган. Журналист 17 июль куни ушланган ва кўп ўтмай маъмурий баённома тузилгач, қўйиб юборилган.

Март ойи ўрталарида Овсянникова, «Биринчи канал»да кечки янгиликлар муҳаррири бўлиб ишлаётганда, «No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизга ёлғон гапиришмоқда. Russians against war» плакати билан жонли эфирга чиқиб кетганди. Бундан олдин у видеомурожаат билан чиқди: «Ҳозир Украинада содир бўлаётган воқеалар жиноятдир. Россия босқинчи давлат ва бу тажовуз учун фақат бир киши жавобгар. Бу шахс Владимир Путиндир». Натижада, Овсянникова митинг ўтказишнинг белгиланган тартибини бузганлик ҳақидаги маъмурий модда бўйича – акция олдидан ёзиб олинган видео туфайли 30 минг рубль миқдорида жаримага тортилди. 
 
Апрель ойи бошида Берлинда жойлашган Axel Springer медиаконцерни Овсянникова Германиянинг Welt янгиликлар телеканалига ишга олинганини эълон қилди. Уч ой ўтгач, шартнома тугади ва у Россияга қайтиб келди. Германиянинг «Озодлик учун ОАВ мукофоти» (Freiheitspreis der Medien) соҳиби бўлган Овсянниковага охир-оқибат мукофотни топширмасликка қарор қилинди. Май ойида у «Ижодий норозилик учун» Вацлав Ҳавел мукофотини олди. 

Top