Яқинда Украина президенти Володимир Зеленский агар Россия босиб олинган ҳудудларда «сохта референдумлар» ўтказса, Москва ва Киев ўртасидаги музокараларни унутиш кераклигини айтганди. Эртаси куни Кремль кутилганидек жавоб қайтарди. Кейин эса Запорижжя областининг босиб олинган ҳудудларида рус армияси томонидан ташкил этилган маъмурият раҳбари Евгений Балицкий баёнот берди.

Запорижжя жануби ҳозирда Россия босқинчи кучлари томонидан назорат қилиняпти. Запорижжя АЭС ҳам шу ерда жойлашган бўлиб, сўнгги кунларда унинг ҳудуди ўққа тутилмоқда ва жанг қилаётган томонлар бир-бирини «ядро терроризми»да айбламоқда. Бундай вазият экспертлар ва Халқаро атом энергетикаси агентлиги раҳбариятини ташвишга солмоқда.

Ҳарбий экспертлар фикрича, айнан шу ерда, Украина жанубида урушнинг кейинги босқичидаги асосий воқеалар юз беради.

«Украина таркибидан абадий чиқиш»?

Ўзини «Запорижжя области раҳбари» деб эълон қилган Евгений Балицкий Мелитопол шаҳрида (Россия назорати остидаги ҳудуд) бўлиб ўтган «Биз Россия биланмиз» форумида ҳудуднинг Россия «таркибига кириши» бўйича рефрендум ўтказиш ҳақидаги фармойишни имзолади.

«Запорижжя ерлари Украина таркибини абадий тарк этади. Ҳудуд Россия билан бирлашиш йўлини белгилаб олди ва ортга қайтиш бўлмайди», деган эди аввалроқ босқинчилар маъмуриятида бош кенгаш аъзоси лавозимини эгаллаган Володимир Рогов.

Запорижжя области (Украина) маъмурияти раиси Александр Старух ҳозирча бу ташаббусга изоҳ бермади.

Ишғолдаги Запорижжя области маъмурияти раҳбари Евгений Балицкий аллақачон ҳудуд аҳолисига Россия паспортларини тарқатишни бошлаган.
ALEXEI KONOVALOV/TASS

23 июл кунидан минтақанинг Россия назорати остидаги ҳудудида референдум ўтказиш учун сайлов комиссиясини тузишга киришдилар. Бунинг учун босқинчи ҳокимият Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссиясидан ёрдам сўрамоқчи.

Россия расмийлари референдум кузда бўлиб ўтишини таъкидламоқда, бироқ аниқ сана айтилмаган. Херсон области ва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ЛХР» ва «ДХР»да ҳам «овоз бериш»га тайёргарлик кўрилмоқда, бироқ у ерда ҳам сана номаълум.